French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат: “Инсон қадри учун” ғояси асосида адолатли суд тизими ривожлантирилади
09:35 / 2025-11-28

Олий Мажлис Сенатида суд ҳокимиятининг очиқлиги ва чинакам мустақиллигини тарғиб қилиш мақсадида очиқ эшиклар куни ўтказилди.

Унда Президентимизнинг 2025 йил 24 ноябрда қабул қилинган “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида фикр алмашилди.

Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан одил судловни таъминлашга бевосита боғлиқлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини буткул янгилаш, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлаш, умуман, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Соҳага оид 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, суд тизими фаолиятини тартибга солувчи қонунлар ислоҳотларга мос равишда қайта кўриб чиқилди.

Ташкилий жиҳатдан ҳам суд фаолиятида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Судьяларнинг ихтисослашувига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Суд органлари фаолиятида фуқаролар учун соддалаштирилган ва қулай тартиб-таомиллар жорий этилмоқда. Суд тизимида “ягона дарча” принципи жорий этилиб, ариза тааллуқлилигига кўра тегишли судга кўриб чиқиш учун ўтказилиши белгиланди.

Суд ишларини кўришда тезкорликни таъминлаш ва процессуал муддатларни тежаш мақсадида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, суд тизими олдида яна қатор янги вазифалар тургани алоҳида қайд этилди. Судьялар ҳамжамияти органларининг ролини ошириш, очиқ ва шаффоф механизмлар асосида судларни малакали кадрлар билан тўлдириш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва бошқа яна бир қатор масалалар Президентнинг юқорида номи тилга олинган фармонида назарда тутилганига эътибор қаратилди.

Тадбирда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш юзасидан фикрлар билдирилди. “Инсон қадри учун” ғояси асосида адолатли суд тизимини ривожлантиришда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА