Мамлакатимизда ер ва сув ресурсларини муҳофаза қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирги вақтда бўш турган ерларни ҳисобга олиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш механизмларини такомиллаштириш, ҳуқуқ эгаларининг ер участкаларини олганлик учун ҳақ тўлашни амалга ошириш юзасидан масъулиятини кучайтириш зарурати туғилмоқда.
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси пайтида юқоридаги фикрлар билдирилди.

Шунингдек, ер ости сувларини ерларни суғориш ва бошқа мақсадлар учун олиш кескин ўсгани, шунингдек қудуқларни рухсатсиз бурғилаш ва сувлардан назоратсиз, ҳисобга олмасдан фойдаланиш ҳоллари давом этаётгани сабабли ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш ҳам зарур.
– Қонун билан Ер кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, – деди сенатор Сайёра Абдукаримова. – Бу давлат мулкидаги бўш турган ерларнинг ҳисобга олинишини ташкил этиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида рухсат этилган фойдаланишнинг асосий турига мос бўлган объектларни жойлаштириш, ер участкаларини олганлик учун ҳақ белгиланган муддатларда тўланмаганда ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилишни назарда тутади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг турларига аниқлик киритилмоқда. Суғориладиган ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ёки суғорилмайдиган ерлар тоифасига ўтказиш бўйича аниқ талаблар белгиланмоқда. Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришининг нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш зарур бўлган ҳоллар кенгайтирилмоқда.
Солиқ кодексига ер ости сувларидан фойдаланувчилар томонидан сувни ҳисобга олиш воситаларисиз сув олинганида солиқ тўловини белгиланган солиқ ставкасининг беш баравари миқдорида ундириш назарда тутилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонунга маъмурий-ҳудудий бирликларнинг давлат реестрида объектни маъмурий-ҳудудий белгилашнинг тизимли коди тўғрисидаги ахборот акс эттирилишига қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун ерларни муҳофаза қилиш ва ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга, маъмурий-ҳудудий бирликлар давлат реестрининг ахборот тизимини такомиллаштиришга, шунингдек ер ости сувларидан қонунга хилоф равишда фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА