Сенат ишчи гуруҳи томонидан жорий йил 16-19 октябрь кунлари Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижроси ўрганилди.
Олий Мажлис Сенати кенгашининг навбатдаги мажлисида мазкур ўрганиш натижалари атрофлича ва танқидий муҳокама қилинди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда мазкур ҳудудларни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Бухоро вилоятида 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 37,1 триллион сўмни, ўсиш суръати 4,3 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 6 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари 2,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3,7 фоизга, хизмат кўрсатиш кўлами 9,3 фоизга ўсиши таъминланган.
Қашқадарё вилоятида эса ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 41,6 триллион сўмни, ўсиш суръати 4,5 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоизга, қурилиш - пудрат ишлари 9 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3,6 фоизга, хизмат кўрсатиш 9,4 фоизга ўсган.
Инвестиция дастурлари доирасида Бухоро вилоятида 463, Қашқадарё вилоятида 795 лойиҳанинг ишга туширилгани натижасида 11,6 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Бухоро вилоятида 351,3 миллион долларлик ва Қашқадарё вилоятида 245,5 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий кредит ва инвестициялар ўзлаштирилган. Ҳудудий экспорт прогнози кўрсаткичлари ижроси доирасида маҳсулотлар экспорт ҳажми Бухоро вилоятида 158,1 миллион долларни ва Қашқадарё вилоятида 250 миллион долларни ташкил этган.
Ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича Бухоро вилоятида 1,4 триллион сўмлик ва Қашқадарё вилоятида 838,4 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.
Иқтисодий фаолликнинг ошиши натижасида Бухоро вилоятида 4,5 мингта ва Қашқадарё вилоятида 5 мингга яқин янги кичик тадбиркорлик субъекти ташкил этилган.
Бухоро вилоятида “Аёллар дафтари”га киритилган 56 минг ва Қашқадарё вилоятида 86 мингдан зиёд хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилган.
Муҳокама жараёнида амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, ечимини кутаётган айрим камчилик ва муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.
Хусусан, Деҳқонобод туманида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан таъминланмаган. Яккабоғ, Муборак, Ғузор, Шаҳрисабз туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида экспорт прогнози кўрсаткичларига эришилмаган.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган ресурс маблағларидан фойдаланиш даражаси Бухоро ва Когон шаҳарларида пастлигича қолмоқда.
Шунингдек, Қамаши, Нишон, Миришкор туманлари ва Қарши шаҳрида муаммоли кредитлар қолдиғи йил бошига нисбатан ошган.
Қоракўл, Олот, Ғиждувон туманларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, шу жумладан, янги субъектларни ташкил этиш, фаолияти тўхтаб қолган ва паст қувватда ишлаётган корхоналар самарадорлигини ошириш борасидаги ишлар етарли даражада амалга оширилмаган.
Бундан ташқари, сенаторлар томонидан вилоятларда куз-қиш мавсуми доирасида электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишларни жадаллаштириш, давлат дастурлари ҳисобига ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланишига эришиш борасида қатор таклифлар билдирилди.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига дастурлар ижроси билан боғлиқ масалаларни маҳаллабай ишлаш тизими асосида ўрганиш ва сессияларда танқидий муҳокама қилиш бўйича тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА