Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат биносида Болалар куни нишонланди
17:41 / 2022-06-01

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Меҳрибонлик уйлари, имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати тарбияланувчилари, шунингдек, маҳаллаларда истиқомат қилувчи иқтидорли болалар Сенат биносига ташриф буюрди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева болаларни байрам билан табриклаб, уларнинг комил инсон бўлиб улғайиши йўлида омад тилади. Бунинг учун юртимизда зарур шароитлар мавжудлиги, бундан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.  

Ёш меҳмонлар Сенат биноси, сенаторлар фаолияти билан яқиндан танишди. Ялпи мажлислар залини томоша қилиш асносида болалар  қонунларни маъқуллаш жараёнлари, халқимиз ҳаётига дахлдор муҳим масалалар муҳокамалари қандай ўтказилиши ҳақида билиб олдилар.   

– Ўқиб-ўрганишларингиз учун замонавий мактаблар, жисмонан чиниқишингиз учун спорт иншоотлари, истеъдодингизни ривожлантириш учун турли марказлар ташкил этилган ва бошқа кўплаб имкониятлар қўлингизда, – деди Танзила Норбоева. – Барчанинг бепул таълим олишга бўлган ҳақ-ҳуқуқи таъминлангани ҳолда, индивидуал таълимга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ижод ҳамда Президент мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. 56 та математика, 28 та кимё-биология, 14 та ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган махсус таълим муассасалари ташкил этилди. Сизларнинг ҳар бирингиз бир оламсиз. Ҳар бирингизнинг ўзингизга хос қизиқишингиз, истеъдодингиз ва қобилиятингиз бор. Ушбу мактаблар уларни рўёбга чиқариш, келажакда ўзингиз танлаган соҳани эгаллаш, етук мутахассис бўлишингизга мустаҳкам замин ҳозирлайди.     

Учрашувда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Б.Сайфуллаев ҳамда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси Б.Тўхтамуродов ҳам болаларни  байрам билан қутлади.  

Ўз навбатида, болалар ҳам ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан берган саволларига батафсил жавоб олдилар. Тадбир якунида болалар ва сенаторлар эсдалик учун суратга тушди. Болаларга байрам муносабати билан совғалар топширилди. 

Н.Абдураимова, ЎзА