Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат аъзолари оролбўйини комплекс ривожлантириш жараёнлари билан танишмоқда
19:37 / 2020-11-25

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ҳудуднинг ҳар бир шаҳар ва туманини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган вазифаларни белгилаб берган эди. Шу мақсадда 2020 йил 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга кўра Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича барча соҳаларнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланиб, амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар ва чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланди. Шунингдек, қарорда Олий Мажлис Сенатига масъул вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари билан биргаликда Дастур доирасида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини таъминлаш, юзага келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш ва аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида соҳага оид муаммоларни шаҳар ва туманларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда жойида ҳал этиб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалалари топширилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарори билан Парламент назоратини амалга оширишда, Президент қарори мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғиб қилишда Сенат аъзоларига Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш белгиланган. Шу мақсадда ҳудудларга бириктирилган сенаторларга ҳар ойда бир маротаба маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда Кенгашнинг доимий комиссиялари билан биргаликда учрашувлар ўтказиб, Президент қароридаги топшириқларни муҳокама қилиб бориш топширилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида доимий асосда ишловчи сенаторлар Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, жойларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишмоқда.

Жумладан, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Б.Тажиев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси З.Реимовалар Амударё туманида бўлди. Дастлаб халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари раислари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг доимий комиссияларига Президент қарорининг мазмун-моҳиятини аҳолига кенгроқ етказиш учун жойларда учрашувлар, тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтириш лозимлиги таъкидланиб, бу бўйича тавсиялар берилди.

Шундан кейин “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида кўрсатилган топшириқлар ижросини назорат қилиш ва бу борада амалий кўмак кўрсатиш бўйича тузилган штабнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда туман ҳудудидан сайланган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимлиги масъуллари, муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тажиев сўзга чиқиб, Президентимизнинг юқоридаги қарори ижросини самарали ташкил қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари туман ва шаҳарларга, маҳаллий Кенгашлар депутатлари округлар кесимида маҳаллаларга масъул этиб бириктирилганини таъкидлаб ўтди. 

Президент қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларининг ўсиш нуқталари белгиланиб, тегишли ҳудудларда мазкур иқтисодий фаолият йўналишлари бўйича янгидан ташкил қилинган тадбиркорлик субъектлари 2024 йил 1 январга қадар ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғи тўлашдан озод қилинди.

Президент қарори билан тасдиқланган 2020-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига Амударё тумани бўйича 77 та лойиҳа киритилган бўлиб, уларни амалга оширишнинг аниқ муддати, лойиҳаларни молиялаштириш манбалари белгилаб қўйилган.

Йиғилишда тижорат банкларига мазкур лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш, ваколатли органлар раҳбарларига лойиҳаларни тегишли инфратузилма билан таъминлашда, депутатларга эса бу борада юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда амалий ёрдам бериш вазифалари топширилди.

Шундан сўнг масъуллар 2020-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига киритилган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларнинг тақдимотида иштирок етдилар. Туман ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Файзулла Саъдуллаев лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Таъкидланганидек, ердан самарали фойдаланиш ва янги иш ўринларини ташкил қилиш мақсадида туманнинг Aмир Темур овули ҳудудидан жами майдони 18,5 гектар бўлган ерни боғдорчилик йўналишидаги 18 та лойиҳа, майдони 22,9 гектар бўлган ерни иссиқхона қуриш мақсадида 2 та лойиҳа сифатида тадбиркорларга бериш режалаштирилган. Шунингдек, 7 та фермер хўжалиги томонидан жами 71 гектар майдонда Туркия технологияси асосида боғ ташкил этилиб, майдони 21,7 гектар бўлган кўлларда балиқчиликни ривожлантириш бўйича 4 та лойиҳа амалга оширилади.

Aйтиш керакки, бугунги оғир пандемия шароитида мамлакатимизда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ҳам моддий ҳам маънавий кўмак беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманда кам таъминланган, боқувчисинини йўқотган, яшаш шароити оғир бўлган жами 51 та эҳтиёжманд оиланинг умумтаълим мактабларида таълим олаётган фарзандларига қишки кийим-кечаклар берилди.

Масъуллар овул ҳамда маҳаллаларда бўлиб, аҳолининг, айниқса, кам таъминланган оилаларнинг куз-қиш мавсумига ҳозирлигини ўрганди. Чойкўл овулидаги 6 та кам таъминланган оиланинг ҳар бирига ярим тоннадан кўмир ҳамда 2 та эҳтиёжманд хонадан аъзоларига иситиш печи совға қилинди. Шундан сўнг овул аҳолисини тозаланган ичимлик суви билан таъминлаётган “Туямўйин-Нукус” минтақалараро сув қувуридан фойдаланиш бошқармаси туман филиалига қарашли “Чойкўл” сув тозалаш шохобчаси фаолияти билан танишдилар. 

Мазкур шохобча 2019 йилда Давлат дастури асосида қурилиб фойдаланишга топширилган бўлиб, соатига 1 тонна сувни тозалаш қувватига эга. Хитойда ишлаб чиқарилган сув тозалаш технологиясининг филтри ўз вақтида тозаланиб турилади ва айни кунда тўла қувватда ишлатилмоқда.

Айтиш керакки, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашда фуқаролар билан сайёр мулоқотлар олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда ишчи гуруҳ жойларга чиқиб, ҳудудларда аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ўргандилар.

Ишчи гуруҳ тумандаги Оқ олтин овулидаги фуқаро Ўринбой Шомуратовнинг хонадонида бўлиб, оилавий аҳволи билан танишди. Фуқаро оиласидаги моддий етишмовчилик сабабли уйини таъмирлашда амалий ёрдам сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилган эди. Шу боис ишчи гуруҳ оиланинг аҳволи билан танишиб, ҳомийларни жалб қилган ҳолда фуқаронинг уйини таъмирлашда амалий ёрдам беришини маълум қилди.

Тўлқин овулида фаолият юритаётган “Амударё соҳили” фермер хўжалиги томонидан чорвачиликни ривожлантириш лойиҳаси доирасида Нидерландиядан 95 бош зотдор чорва моли олиб келинган. Йил якунига қадар яна 251 бош қорамол олиб келиниши режалаштирилган. Қиймати 9 миллиард сўмни ташкил этадиган мазкур лойиҳа тадбиркорнинг 1 миллиард сўмлик ўз маблағи ва банкнинг 8 миллиард сўмлик кредити ҳисобидан амалга оширилади. Лойиҳа ишга тушиши натижасида яна 10 та янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, сенатор ва депутатлар инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига киритилган “Эркин Расулов асалчи” фермер хўжалиги томонидан амалга оширилаётган паррандачиликни ривожлантириш ҳамда совутгичли сиғим ташкил этиш лойиҳаси билан ҳам танишдилар. Совитгичли сиғим жорий йил декабрь ойи якунига қадар ишга туширилади. Лойиҳа ишга тушиши натижасида 10 та янги иш ўрни яратилиб, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларининг нархи қиш фаслида ҳам барқарор бўлишига замин яратилади.

Сенат аъзоларининг Оролбўйи шаҳар ва туманларида амалга оширилаётган ишлар билан танишиши давом этмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА