Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сенат: Андижонда ҳудудларни ривожлантиришда камчиликлар бор
19:36 / 2024-02-10

Сенат ялпи мажлисида Андижон вилоятида “йўл хариталари”нинг 2023 йилдаги ижроси муҳокама қилинди.

“Йўл хариталари” ижроси доирасида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришилгани қайд этилди.

Хусусан, 2023 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5,1 фоизга, саноатда 7,3 фоизга, қишлоқ хўжалигида 4 фоизга, хизматлар кўрсатиш соҳасида 11,3 фоизга ва қурилиш ишлари ҳажми 3,2 фоизга ўсган. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми эса 20,3 миллион сўмни ҳамда ўсиш суръати 2,8 фоизни ташкил этган.

Инвестиция дастурлари доирасида 30 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилган. Вилоятда 802 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.

Ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича 206 лойиҳа доирасида 5,1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 128 объект фойдаланишга топширилган.

“Аёллар дафтари”га киритилган 91 мингга яқин хотин-қизларга ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 31 мингдан зиёд ёшларга амалий ёрдам кўрсатилган.

Мажлисда сенаторлар томонидан аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудий бандлик дастури доирасида доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринлари ҳисобига 532 минг кишининг бандлиги таъминланган.  

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 47,6 мингдан зиёд лойиҳа учун 876,4 миллиард сўм кредит ажратилган.

Шу билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган “йўл хариталари” ижросини таъминлашда айрим камчиликлар ва ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлиги айтиб ўтилди.

Хусусан, янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш мақсадида бўш турган бинолар ва ер майдонларига тадбиркорларни жалб қилиш бўйича белгиланган айрим вазифалар ижросининг самарадорлиги паст.

Шаҳар ва туманларда бўш турган 28 давлат объекти уч ойдан ортиқ вақт мобайнида аукцион савдоларига қўйилганига қарамай, савдолар бўлиб ўтмаган, деб топилган. Асака ва Жалақудуқ туманларида эса аукционга чиқарилган ер майдонларининг 20 фоизи ҳам сотилмаган.

Шаҳрихон туманида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида муаммоли кредитлар қолдиғи йил бошига нисбатан ўсган.

Солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги муддати ўтган қарздорлиги Балиқчи, Жалақудуқ, Марҳамат ва Хўжаобод туманларида ошган.

Пахтаобод, Бўстон ва Олтинкўл туманларида ногиронлиги бўлган шахслар учун квоталанган иш ўринларидан самарали фойдаланилмаган.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан вилоятда хизматлар соҳасини янада ривожлантириш, паст қувватда ишлаётган саноат корхоналари билан ишлаш, инвестициялар жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиши юзасидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар масъул вазирлик ва идораларга кўрсатиб ўтилди. Уларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.

Бунда туризм салоҳияти юқори бўлган маҳаллаларда йўл ва инфратузилмани яхшилаш, маҳаллий бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлашда иқтисодий комплекс раҳбарларининг масъулиятини ошириш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда субсидиялаш механизмидан кенг фойдаланиш масалаларига урғу берилди.

Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА