Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Сен гол урмасанг, сенга уришади"
16:53 / 2024-03-03

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси жорий мавсуми бошланиши шарафига мамлакатимизнинг 6 та шаҳри қатори Жиззахдаги “Сўғдиёна” стадионида ҳам давлатимиз мадҳияси янграб, юртимиз байроғи кўтарилди.

Дастлаб жорий мавсумга Туркиянинг Анталия шаҳрида тайёргарлик жараёнини ўтаб келган Иван Бошкович бош мураббийлигидаги жиззахликлар жамоаси таркибидаги ўзгаришлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

“Сўғдиёна” таркибида сезиларли даражада ўзгаришлар юз берди. Ўтган мавсумдаги жамоа етакчиси, энг тажрибали ярим ҳимоячи Жасур Ҳасанов, клуб сардори, ҳужум орти ярим ҳимоячиси, иқтидорли футболчи  Жавоҳир Қаҳрамонов, бир неча йиллар жамоа шарафини ҳимоя қилган, сербиялик легионер ҳимоячи Марко Колакович, ҳимоячи Алишер Салимов, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига номзод Оллаберган Каримов, тажрибали ярим ҳимоячи Санжар Шоаҳмедов, ёш ҳимоячи Абдуллоҳ Омоналиев, яна икки нафар Болқон ярим ороли футболчилари – ҳимоячи Тарик Исич ҳамда иқтидорли ҳужумчи Зенан Займовичлар “Сўғдиёна”ни тарк этди.

Бу футболчиларнинг ўрни "U-17" Ўзбекистон терма жамоаси ёш ва иқтидорли дарвозабони Муҳаммадюсуф Собиров, ҳимоячилар Сардор Қулматов, Ислом Қобилов,Алексей Носко, ярим ҳимоячилар Олег Зотеев, Шоҳруҳ Абдураҳмонов, сербиялик легионер ярим ҳимоячи Владимир Жовович ҳамда яна бир болқонлик ҳужумчи Зоран Петровичлар билан тўлдирилди.

Учрашув меҳмонларнинг ҳужумлари билан бошланди. Баҳснинг 14-дақиқасида “Нефтчи” шартнома тузган  Нигерия терма жамоаси аъзоси, иқтидорли ҳужумчи Эффионг Нсунгуси ҳимоячиларнинг хатосидан унумли фойдаланиб, ҳисобни очди – 0:1.  

Шундан сўнг, тўпга эгалик қилиш бўйича майдондаги устунлик “Сўғдиёна” томонига ўтди. Мезбонлар ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, ҳимояда тартибли ўйин намойиш этган фарғоналиклар ҳимояси “Сўғдиёна” жамоасига гол киртиш имкониятини бермади.  

Ўйиннинг иккинчи бўлимида майдон эгаларининг босими янада ортди. Жиззахликларнинг ёш ва иқтидорли ҳужумчиси Самандар Мавлонқулов, таркибга янги келиб қўшилган сербиялик легонер Зоран Петровичлар яратилган имкониятлардан фойдалана олмади.

Футболдаги “Сен гол урмасанг, сенга уришади”, деган ибора яна бир бор ўз исботини топди. Ўйиннинг 60-дақиқасида яна ўша тиниб-тинчимас нигериялик легионер Эффионг Нсунгуси 2-голини киритиб, ўртадаги фарқни 2 тага етказди, аввалига ҳакамлар голни инобатга олмай, ўйиндан ташқари ҳолат қайд этишди. Лекин ВАР кўрилгач, гол  урилгани аниқланди – 0:2.

Учрашув бош ҳаками Аскер Нажафалиев томонидан қўшиб берилган 90+3-дақиқада “Сўғдиёна” жамоаси таркибига захирадан қўшилган яна бир легионер футболчи Люпчо Дориев гол киритиб, ўртадаги фарқни биттага қисқартира олди, холос – 1:2.

Жиззахликларнинг бошқа гол киритишга вақтлари ҳам, имкониятлари ҳам етмади.  

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида “Сўғдиёна” бош мураббийи Иван Бошкович 1-турдаги илк мағлубиятини қуйидагича изоҳлади:“Бугун бошқачароқ натижа кутгандик. Албатта, мағлубиятга учраш ёқимсиз. Ўйин анча қизиқарли кечди. Рақиб кучлироқ эди. Ўз майдонингда ўйнаганда бундай голлар ўтказиш ҳамиша ёқимсиз. Рақибга имконият бердик ва улар бундан фойдаланишди. “Нефтчи” дарвозамиз олдида деярли вазиятлар яратмади, аммо минимал имкониятларини голга айлантира олди.Хатоларни таҳлил қиламиз ва кейинги баҳсларда бундай хатолар қилмасликка интиламиз. Ҳали мавсум энди бошланди. Кимнинг имконияти қандай эканлигини баҳолашга эрта.Кеч гол киритдик ва рақибга яна босим ўтказиш учун вақт етмай қолди. Умуман олганда, шогирдларим ёмон ўйнамади, деб айта олмайман. Индивидуал томонлама бироз заифроқ ўйнадик.Кейинги ўйин беш кундан сўнг бўлиб ўтади. Яхши кайфиятда тайёргарликни давом эттириш керак, деб ўйлайман. Бу биринчи  ўйин ва атиги уч очко. Ҳозирча кимда қандай куч борлигини билиб бўлмайди”,деди жиззахликлар устози.

1-турнинг бошқа учрашувларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Насаф” (Қарши) – “Олимпик” (Тошкент) – 2:0, “Навбаҳор” (Наманган) – “Динамо” (Самарқанд) – 3:1 “Бунёдкор” (Тошкент) – “Қизилқум” (Навоий) – 1:3.

“Сурхон” (Термиз) – “Пахтакор” (Тошкент), “Локомотив” (Тошкент) – “Металлург” (Бекобод), ОКМК (Олмалиқ) – “Андижон” (Андижон) баҳси билан 1-тур ўйинларига якун ясалади.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири