9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташаббусига мувофиқ мамлакатимизда ҳар йили 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан Аксилкоррупция ойлиги ўтказиб келинмоқда.

Шу муносабат билан Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан ҳам бир қатор тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, бошқармага қарашли "Кўкдумалоқ" мажмуасида мазкур санага бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди. Унда юзга яқин ишчи-техник ва муҳандис-техник ходимлар иштирок этиб, коррупциянинг олдини олиш, комплаенс-назорат тизимининг аҳамияти ҳамда ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлди.

Тадбирни "Ўзбекнефтгаз" АЖ Коррупцияга қарши ички назорат департаментининг Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бўйича бош комплаенс инспектори Анвар Тоиров ўтказди.

Бундан ташқари, "Online Test Pad" платформаси орқали тайёрланган махсус ўқув-тест дастури бошқарманинг расмий электрон сайти орқали ходимларга тақдим этилди. Ҳавола орқали (https://onlinetestpad.com/qyveddklpchkc) 500 нафардан ортиқ ишчи ва муҳандис-техник ходимлар коррупциянинг олдини олишга доир қўшимча билимларни мустаҳкамлади ҳамда онлайн тест синовларидан муваффақиятли ўтди. Дастурда иштирок этган ҳар бир ходимга электрон сертификат автоматик равишда шакллантирилди.
Аксилкоррупция ойлиги доирасидаги тадбирлар жорий йилнинг 20 декабрига қадар давом этади.
Н.Бозорова, ЎзА