Андижонда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг давлат гранти танловига лойиҳалар тақдим этиш масаласига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда вилоятда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари муҳаррирлари иштирок этди.
Семинарда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларига субсидия, давлат гранти кўринишида молиявий кўмак бериш кўлами ва ҳажми йилдан йилга ортиб бораётганлиги, уларнинг фаоллигини ошириш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган зарур ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Семинарда кейинги йилларда вилоятдаги ОАВларининг давлат грант танловларидаги иштироки, грант лойиҳаларини амалга ошириш борасида фаолияти таҳлил қилинди.
[gallery-25012]
– Айни кунда Андижон вилоятида 600 дан ортиқ ННТ, 30 дан зиёд электрон ва босма оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда, – дейди ЎзННТМА Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Шерзодбек Валиева. – Айни пайтда давлат грант танловларида ғолиб бўлган ўндан ортиқ ННТ ва оммавий ахборот воситаси ўзларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширмоқда.
Семинар-тренингда ОАВ, давлат ва нодавлат ташкилотларининг танловларда фаол иштирок этиши, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди, шунингдек, жорий йил учун эълон қилинган давлат грант танловларида иштирок этиш, лойиҳалар тайёрлаш ва тақдим этиш бўйича мутахассислар томонидан зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари