Сирдарё вилоятида янги туғилган чақалоқларга жадал тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада ошириш мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Мазкур тадбир “Ишонч–2030” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ва Швейцария ҳукуматлари ҳамда UNICEF ҳамкорлигида амалга оширилаётган Мамлакат дастури ва 2021–2025-йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик тадбирлари режаси асосида ўтказилди.
Ўқув машғулотлари Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиалида бўлиб ўтди. Семинарни Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази неонтология кафедраси мудири Муаттар Розиқова, марказнинг олий тоифали неонтология Умида Азимова ҳамда Минск шаҳрида жойлашган Она ва бола маркази чақалоқлар реанимацияси бўлими мудири Оксана Сварская олиб боришди. Халқаро мутахассис иштирокидаги мазкур тадбир илғор хорижий тажрибани маҳаллий амалиёт билан уйғунлаштириш имконини берди.
Семинар-тренингда туғруқ бўлими шифокорлари ва ҳамширалар янги туғилган чақалоқларда учраши мумкин бўлган оғир ҳолатларни барвақт аниқлаш, интенсив терапия усулларини тўғри қўллаш, ҳамширалик парваришининг замонавий стандартларини амалиётга жорий этиш бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашди. Шунингдек, неонатал реанимация асослари, сунъий нафас олдириш усуллари, инфузион терапия, инфекцияларнинг олдини олиш, парентерал озиқлантириш ҳамда кичик вазн билан туғилган чақалоқларни парваришлаш бўйича назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди.

Ташриф доирасида “Ишонч–2030” лойиҳаси асосида Сирдарё вилоятидаги туғруқ комплекслари 30 турдаги замонавий тиббий ускуналар билан таъминлангани ва уларнинг амалиётда қўлланилиши ҳолати кўздан кечирилди. Жумладан, неонатал инкубаторлар, фототерапия лампалари, замонавий реанимация столлари, мониторинг ускуналари ҳамда сунъий нафас олдириш аппаратларидан самарали фойдаланиш бўйича тиббиёт ходимларига амалий тавсиялар берилди.
– “Ишонч–2030” лойиҳаси доирасида нафақат Сирдарё вилояти туғруқ бўлимларига, балки республикамиздаги барча туғруқ муассасаларига етказиб берилган энг сўнгги русумдаги тиббий аппаратлар янги туғилган чақалоқларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқмоқда. Замонавий инкубаторлар чақалоқнинг тана ҳарорати, намлик ва кислород даражасини автоматик тарзда назорат қилиб, барқарор муҳит яратади. Бу айниқса, муддатидан олдин ёки кичик вазнда туғилган чақалоқларни парваришлашда жуда муҳим аҳамиятга эга. Янги авлоддаги сунъий нафас олдириш аппаратлари ўпкага бериладиган босимни аниқ меъёрлаш орқали шикастланиш хавфини камайтиради ва самарали респиратор қўллаб-қувватлашни таъминлайди. Шунингдек, кўп функцияли мониторинг ускуналари орқали юрак уриши, нафас олиш частотаси ва қондаги кислород тўйинганлиги каби ҳаётий кўрсаткичлар узлуксиз назорат қилинади. Бу эса оғир ҳолатларни барвақт аниқлаш ва тезкор чора кўриш имконини беради, – дейди марказ неонтологи Умида Азимова.

Қайд этилганидек, замонавий тиббий ускуналардан самарали фойдаланиш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш туфайли туғруқхоналарда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати сезиларли даражада ошмоқда. Бу эса асоратларни барвақт аниқлаш, оғир ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда оналар ва чақалоқлар ўртасида ўлим кўрсаткичларини камайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Ҳар жиҳатдан қаралганда, янги туғилган чақалоқларга жадал тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада ошириш мавзусида Сирдарёда, яъни филиалимизда ўтказилган семинар-тренинг соҳа ходимлари учун ниҳоятда фойдали бўлди, – дейди Филиал директори Шаҳло Хожаева. – Бундай машғулотлар орқали шифокор ва ҳамширалар оғир ҳолатларни барвақт аниқлаш, замонавий реанимация усулларини тўғри қўллаш ва интенсив терапия протоколларини амалга татбиқ этишда ишончли билим ва кўникмаларга эга бўлишади. Шу билан бирга, семинар-тренинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимида мустаҳкам асос яратишга, яъни она ва чақалоқ саломатлигини таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.
Умуман олганда, мазкур семинар-тренинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш ҳамда янги туғилган чақалоқларга кўрсатиладиган жадал тиббий ёрдам самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ғулом Примов, Фурқат Тошматов (сурат) ЎзА