Сирдарё вилоятидаги Республика ихтисослашган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази филиалида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), ЮНИСЕФ ва марказ ҳамкорлигида “Ишонч 2030” лойиҳаси доирасида маҳаллий неонатолог ва акушер-гинекологлар учун амалий ўқув семинари ташкил этилди.
Семинарда чақалоқ туғилгандан кейинги ҳал қилувчи дақиқаларда унинг нафас олишини таъминлаш, реанимация ва замонавий перинатал ёрдам кўрсатиш бўйича билим ва кўникмалар мустаҳкамланди. Белорусиялик юқори малакали инструктор Оксана Сверская раҳбарлигидаги машғулотлар назарий билим ва клиник симуляцияларни қамраб олди.
– Туғилганидан сўнг дастлабки беш дақиқа чақалоқ келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу вақт тиббиёт ходимидан тез ва аниқ ҳаракат қилишни талаб қилади, – дейди О. Сверская.

Семинарда шошилинч ҳолатларда қарор қабул қилиш, нафас олдириш техникаси, янги туғилган болаларга реанимацион ёрдам кўрсатиш, эмизишни ташкил қилиш ва ўсишни мониторинг қилиш каби муҳим йўналишлар қамраб олинди.
Машғулотларда қатнашган мутахассислар реал вазиятларга яқин симуляция усули орқали ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди. Уларнинг фикрича, бу тренинг нафақат амалий кўникмаларни мустаҳкамлади, балки ишонч ва масъулият туйғусини янада оширди.

Семинар якунлангач, иштирокчилар малака синовидан ўтиб, сертификатларга эга бўлишди. Энди улар ўз муассасалари ва бошқа ҳудудларда мураббий сифатида фаолият юритиш имконини қўлга киритишди.
Филиал директори вазифасини бажарувчи, 1-тоифали акушер-гинеколог Шаҳло Хожаева таъкидлашича, бу каби тадбирлар нафақат мутахассисларнинг билим ва малакасини оширади, балки ҳудудда қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйишга ҳам хизмат қилади. Бу эса сифатли перинатал ёрдамни таъминлаш, она ва чақалоқ ўлими ҳолатларини камайтиришда муҳим қадамдир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Ишонч 2030” лойиҳаси доирасидаги бундай амалий ташаббуслар тиббий хизматнинг сифатини ошириш баробарида инсон ҳаётини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири