Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Семинар Марказий Осиёни энергетика билан барқарор таъминлаш масалаларига бағишланди
10:41 / 2024-06-27

Бугун пойтахтимизда “Энергия сервис корхоналари (ЭСКО) – назария ва тадбиқ қилиш амалиёти” мавзусида минтақавий техник семинар бўлиб ўтди. Тадбир  Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси томонидан “Марказий Осиёда барқарор энергия боғлиқлиги” (SECCA) лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида иқтисодиёт тармоқлари  ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсади қўйилган. Шунингдек,  2030 йилга қадар иқтисодиёт тармоқларининг энергия самарадорлигини 2 баробарга  ошириш белгиланган бўлиб, айни пайтда ушбу йўналишда хорижий ҳамкорлар билан қатор ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур лойиҳага кўра, Европа Иттифоқи Марказий Осиёни минтақанинг қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасидаги салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда энерго самарадорлигини ошириш  имкониятлари, шунингдек, минтақада барқарор энергетик боғлиқликни таъминлаш бўйича жорий саъй-ҳаракатларини қўллаб–қувватлашни зиммасига олган. Шу мақсадда, Европа Иттифоқи “Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда барқарор энергетик боғлиқликни қўллаб-қувватлаш” деб номланган тўрт йиллик лойиҳасини ишга туширган. 

[gallery-18010]

“Энергия сервис корхоналари” – ЭСКО энерго самарадарликни ошириш ва қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида ечимларни интеграциялар ҳисобига барқарор энергетикани илгари суришда катта аҳамият касб этади. ЭСКО энергоаудитлар, лойиҳаларни ишлаб чиқиш, молиялаштириш, амалга ошириш ва жорий хизматларни ўз ичига олган комплекс энергетика ечимларини   тақдим этади. ЭСКО шунингдек, энергия истеъмолини туширишга ва ис газларини ҳавога чиқаришни камайтиришга ёрдам беради. Бу нафақат экология барқарорлигини таъминлашга кўмаклашади, балки энергия харажатларини тушириш ва инновацион энергетик технологияларни жорий қилиш ҳисобига  сезиларли равишда иқтисодий фойдани таъминлайди. 

Семинарда SECCA экспертлари томонидан иштирокчиларга ЭСКО асослари бўйича, жумладан, уни ривожлантиришнинг асосий мақсадлари, ҳуқуқий базаси, энергосервис хизматларини кўрсатишда энергоаудит аҳмияти, амалиёт муаммолари ва ечимлари бўйича   атрофлича маълумот берилди. 

Йиғилишда ЭСКОнинг Қозоғистондаги фаолияти, ЭСКОни ривожлантиришда ЕИ салоҳияти, ЭСКО учун зарур бўлган юридик ҳужжатлар, жамоатчилик фойдаланадиган бинолар соҳасида Литва тажрибаси, бозорни ривожлантириш моделлари каби мавзуларда қатор маърузалар тингланди. Тадбир якунида иштирокчилар саволларига экспертлар томонидан жавоб қайтарилди.

Саидмурод Раҳимов, 

ЎзА мухбири