Сирдарё вилоятида “Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини бошқариш юзасидан жамоатчилик назоратини такомиллаштиришда Кузатув кенгашлари фаолиятининг ўрни” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан мактабгача таълим тизими ходимлари иштирок этди.
Дастлабки манзил Гулистон тумани Теракзор маҳалласидаги 15-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Мазкур боғча 2021 йил “Обод қишлоқ” дастурига кирган эди. Қўшимча бинолар қурилиши эвазига унинг қуввати ошиб, 180 нафар тарбияланувчини қабул қилиш имкониятга эга бўлди. Натижада маҳалланинг боғча ёшидаги болалари тўлиқ давлат мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинди. Меҳмонлар боғчада яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Семинарда мактабгача таълим тизимида бошқарувнинг шаффофлигини таъминлаш, бу билан коррупциянинг олдини олиш ва МТТда таълим-тарбия сифатини замон талаблари даражасига кўтариш ҳақида сўз борди. 2017 йилда вазирлик ташкил этилган пайтда боғча ёшидаги болалар қамрови бор-йўғи 27 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич республика бўйича 67 фоизга етган.
Иштирокчилар уч шўъбага бўлиниб, МТТда Кузатув кенгаши фаолиятини ташкил этишнинг дастлабки босқичлари, мазкур кенгашнинг боғчалар моддий- техник базасини мустаҳкамлашдаги роли, асосий фаолият босқичлари ҳақида фикр алмашди.
Семинар қатнашчиларининг кейинги манзили Гулистон туманидаги 13-сонли ДМТТ бўлди. МТТнинг “Кўзмунчоқ” миллий рақс дастаси концерт дастурини тақдим этди. Сўнг гулистонликларнинг 300 нафар қора кўзлари тарбияланаётган 15-сонли ДМТТга борилди. Боғча математика фанини ўргатишга ихтисослаштирилган. “Ижод устахоналари” самарали фаолият олиб бормоқда.
“Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва таҳлил қилиш” бўлимининг иш тажрибаси бўйича тақдимот ўтказилди. “Озод юртим келажаги” деб номланган концерт дастури намойиш этилди.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА