Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Семинар Жаҳон медиа конгрессига бағишланди
23:33 / 2023-07-17

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ахборот агентликлари иттифоқи (UNA) Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги (WAM) ҳамда Абу Даби Миллий кўргазмалар компанияси (ADNEC) билан ҳамкорликда Жаҳон медиа конгрессининг иккинчи нашрини таништириш мақсадида онлайн семинар ташкил қилди.

ИҲТга аъзо мамлакатлар ахборот агентликлари ходимлари қатори Ўзбекистон ахборот агентлиги – ЎзА журналистлари ҳам қатнашган анжуманда жорий йил 14-16 ноябрь кунлари БАА пойтахтида бўлиб ўтадиган анъанавий Конгресс хусусида маърузалар тингланди.

Семинар аввалида UNA Бош директори, Муҳаммад бин Абд Раббо Ал-Ямий ИҲТга аъзо мамлакатлардан кўплаб ахборот агентликлари иштирок этган биринчи конгресс медиа-секторда қўлланаётган энг сўнгги технологиялар ва контент индустриясининг асосий тенденциялари билан яқиндан танишишга имкон берганини таъкидлади.

Эксперт медиа ландшафти доимо ўзгариб туриши, турли таъсирга дучор бўлиши, сунъий интеллект иловаларидаги пешма-пеш ишланмалар, инновация нуқтаи назаридан журналистик таркибни шакллантириш зарурати ҳақида гапирди.

Ўз навбатида, WAM бош директори – Жаҳон медиа конгресси ташкилий қўмитаси раиси Муҳаммад Жалол Ар-Райссий бу гал журналистика, радио, телевидение, интернет, ижтимоий медиа соҳаларига қўшимча равишда рақамли алоқа, сунъий интеллект, илғор технологиялар, ижодкорлик ва инновацияни жамлаган эркин мавзулар ҳам муҳокама қилинишини билдирди. Таъкидланишича, барқарорлик, инновация, спорт, оммавий ахборот воситалари, ёшлар, ижтимоий коммуникация, таълим, келажак ва медиа-индустрия сингари муҳим мавзулар ҳам эътибордан четда қолмайди.

Ар-Райссий ушбу конгрессдан кўзланган мақсад ОАВ вакиллари, ахборот агентликлари ва медиа мутахассислари ўртасида глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба ва билим алмашиш, мулоқот ва ўзаро тушунишни ривожлантиришдан иборат эканлигини урғулади.

Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА