Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Семинар етакчи мутахассислар иштирокида ўтказилди
16:19 / 2025-05-31

Давлат раҳбарининг 2024 йил 22 ноябрдаги “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиалида акушер-гинеколог, онколог ва онкогинекологлар учун ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда 30, 40 ва 50 ёшдаги аёллар ўртасида сўнгги йилларда долзарб муаммога айланган бачадон бўйни саратони (ББС), шунингдек, 30 ёшдан 65 ёшгача бўлган аёллар орасида кенг тарқалган кўкрак бези саратони (КБС) бўйича скрининг текширувларини ташкил этиш ва рақамлаштириш жараёнлари, жумладан, “Скрининг-регистр” электрон платформасидан фойдаланиш тартиблари кенг муҳокама қилинди.

Семинарда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги марказининг етакчи мутахассислари иштирок этиб, филиал тиббиёт ходимларига амалий тавсиялар ва методик кўрсатмалар бердилар. Скрининг жараёнларини сифатли ва самарали ташкил этиш, аёллар саломатлигига хавф туғдирадиган касалликлар, айниқса бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш орқали хавф омилларини бартараф этиш мақсадида амалий машғулотлар ўтказилди.

– Марказ мутахассислари томонидан акушер-гинеколог, онколог ва онкогинекологлар учун ўтказилган ўқув-амалий семинар бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини эрта босқичда аниқлаш ва даволаш масалаларига қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Бу тиббиёт ходимларининг билими ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди Сирдарё филиали директори вазифасини бажарувчи Шаҳло Хожаева.

Баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтган тадбир давомида Президент қарорида белгиланган вазифаларга амалий ёндашувлар билдирилиб, мутахассислар томонидан тегишли методик кўрсатмалар тақдим этилди.

– Президентимиз қарорида белгиланган вазифаларни тўғри ва самарали амалга ошириш учун ҳар бир мутахассис замонавий ёндашувлар ва рақамлаштириш технологияларини пухта ўзлаштириши зарур. Чунки “аёллар саломатлиги – жамият саломатлиги” деган тамойилга асосан, скрининг тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш орқали кўплаб касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш имконияти яратилади. Шу нуқтаи назардан, бундай ўқув-амалий семинарларнинг аҳамияти беқиёс, – дея таъкидлади Сирдарё филиали директорининг репродуктив саломатлик масалалари бўйича ўринбосари Г. Мардонова.

Энг муҳими, мазкур семинар тиббиёт ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш, шу билан бирга, аёллар саломатлигини сақлашга қаратилган мақсадли дастурларни самарали амалга оширишда муҳим қадам бўлди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири