Жиззахда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти филиали томонидан шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари учун ўқув-семинарлар уюштирилмоқда.
Семинарда секторлар фаолияти шаффофликни таъминлаган ҳолда ҳар чоракда “Samaradorlik.uz” электрон платформаси орқали баҳоланиб борилиши, йил якунида баҳолаш натижасига кўра, республика даражасида “Энг намунали сектор” ҳамда вилоят даражасида “Энг ташаббускор сектор” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, рағбатлантириб келинаётгани тўғрисида атрофлича маълумотлар берилаяпти.

Ўқув- семинар иштирокчиларига ушбу баҳолаш тизими ҳамда унга киритилган ўзгариш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти бўйича ҳам батафсил тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Куни-кеча бўлиб ўтган семинарда шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари бошлиқлари, 3-сектор раҳбарлари ҳамда уларнинг котиблари иштирок этди.

Тадбирда 9 та баҳолаш кўрсаткичи муҳокама этилиб, унда аҳолининг секторлар раҳбарлари фаолиятидан қониқиш даражаси, фуқаролар мурожаатларининг ўз вақтида кўриб чиқилиши (ижобий ҳал этилиши) инобатга олиниши ҳамда “маҳалла еттилиги” вакиллари фаолияти самарадорлигига эътибор қаратиш лозимлиги тушунтирилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири