Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Навоий вилояти филиали томонидан Навбаҳор, Конимех туманлари ва Зарафшон шаҳрида “Туман ва шаҳарларда сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг янги жорий этилган тизими” юзасидан семинар ташкил этилди.
Ҳоким ва ўринбосарлари, секторлар, туман ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ташкил этилган семинардан кўзланган мақсад, ҳудуднинг иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларининг бориши ва ўзига хос хусусиятлари тўғрисида билим ва кўникмаларни ривожлантиришдан иборат.
Семинарда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК) KPI асосида баҳолаш”, “Тайм-менежмент: вақтдан унумли фойдаланиш”, “Жамоани шакллантириш ва жамоа билан ишлаш” каби мавзуларда маърузалар қилинди ва назарий маълумотлар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди.
– Тренинглар бугунги кун раҳбар ходимларнинг шахсий ривожланиш ва иш самарадорлигини оширишга қаратилган, – дейди Агентлик вилоят филиали бош инспектори Аброр Латипов.
– Мулоқот давомида аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш сектор раҳбарлари ва маҳаллабай ишлашга масъул ходимлар ҳамкорлигига бевосита боғлиқ эканлиги тушунтирилди.
Тренинг машғулотлари давомида тингловчиларда самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш, бугунги кун раҳбарлари учун зарур кўникмаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, бошқарув ходимлари, сектор раҳбарларига аҳоли муаммолари билан манзилли ишлаш, фаолиятни ташкил этишда натижадорликка эришишга хизмат қиладиган таклиф ва тавсиялар берилди.
Абдували Бўриев, ЎзА