Учқудуқ туманида “Сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида иштирокчилар “КЕLАJАК” ёшлар марказида ташкил этилган кутубхона, тил ўрганиш синфлари ва ўнга яқин спорт тўгараклари фаолияти, ҳунарли ёшлар томонидан ишлаб чиқарилган буюмлардан иборат кўргазма билан танишди.
Мамлакатимиз ҳаётида салоҳиятли ёшлар муҳим ўрин тутади. Жойларда ўтказилаётган ёшлар билан учрашувларда улар томонидан янгидан-янги ташаббус-ғоялар илгари сурилмоқда.
Учқудуқлик ёшлар билан сектор раҳбарларининг мулоқотида ёшлар ўзларини қизиқтираётган соҳалар бўйича таклиф ва талабларини очиқ, ошкора ўртага ташламоқда.
Жумладан, Учқудуқ саноат техникуми талабаси Асел Асембаева тарихий музей ташкил этиш, Феруза Султонова, Шахзод Абдуллаев тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиш ҳақида ўз таклифларини билдирди.
Шунингдек, Севара Эшқувватова қўлда гилам тўқиш ҳунарини ўзлаштиргани, тенгдошларига ҳам устоз-шогирд асосида гиламчиликни ўргатишни мақсад қилгани, лекин аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази туман бўлими маблағ ажратмаётганлигини айтиб мурожаат қилди. Ҳунарманд қизнинг бу мурожаати шу ернинг ўзида кўриб чиқилди ва ижобий ечимини топди.
Иш излаётган фуқаролар бандлик масаласида мурожаат қилди. Уларга эгаллаган мутахассисликлари бўйича бир ой муддатда бандлигини таъминлаш масаласи кўриб чиқилиши билдирилди.
Икки нафар фарзандни ёлғиз тарбиялаётган Д.Кулатованинг мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилиб, “Йўлчилар” ОФЙ га ҳақ тўланадиган жамоат ишига юборилди. Кейинчалик доимий иш билан таъминлаш масаласи назоратга олинди.
– Ўз лойиҳасига эга, камида учта ишчи ўрини ярата оладиган ёшга НКМК ШКБ томонидан ҳозирда фойдаланилмай бўш турган “Аптека” биносидан текинга жой ажратилади, – деди ШКБ директори ўринбосари, сенатор Баҳодир Шарипов. – Тикувчилик билан шуғулланмоқчи бўлганларга эса тикув машиналари бепул берилади. Шу орқали юзлаб учқудуқлик ёшлар нафақат ишли бўлади, балки ўз бизнесларини ривожлантиришда маблағга эҳтиёж сезмайди.
– Мен адабиётга қизиқаман, келгусида журналист бўлмоқчиман, – дейди 20-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Гуласал Ризақулова.
– Ёшларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётган замонда яшаяпмиз, давлатимиз томонидан яратилган улкан имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишимиз шарт.
“Сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашуви”да иштирок этган 41 нафар “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган фуқароларга ишга жойлашиши учун сертификатлар топширилди. Уларнинг 21 нафари Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги турли корхона ва ташкилотларга ишга йўлланма олди. 20 нафар ишсиз йиги-қиз эса ҳудуддаги хусусий корхоналар ва бюджет ташкилотларига ўз мутахассисликлари бўйича ишга юборилди.
Абдували Бўриев, ЎзА