Навоий шаҳар ҳокими, 1-сектор раҳбари Муҳиддин Базаров 2-умумтаълим мактабида аҳоли вакиллари билан учрашди. Тадбирда сектор раҳбарига мурожаат қилган фуқароларнинг аксарият муаммолари шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Фирдавс Эргашев асли Кармана туманида рўйхатда туради. Аммо қабулда иштирок этиб, ишга жойлашиш масаласида ҳокимдан кўмак сўради. Суҳбат чоғида маълум бўлишича, у 2017-2019 йилларда Туркия давлатида бўлиб, мебелсозлик цехида фаолият юритган. Ўзбекистонга қайтгач эса маълум муддат таксичилик билан шуғулланган. Айни пайтда эса ишсиз. Шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази томонидан у шаҳар мактабгача таълим бўлимига ҳайдовчиликка ишга таклиф қилинди.
Насиба Шукурова 51 ёшда. Навоий шаҳридаги “Ўзбекистон” маҳалласида истиқомат қилади. Боқувчисини йўқотганига 2 йил бўлди. Вояга етмаган бир нафар фарзанди бор. Унга Навоий шаҳридаги миллий ширинликлар ишлаб чиқариш корхонасига ишга жойлашиш таклиф этилди. Унинг розилиги билан мурожаат ижобий ҳал этилди. Шунингдек, айни пайтда истиқомат қилаётган 3 хоналик уйнинг ўзига тегишли қисмига ордер олиш масаласи юзасидан қилган мурожаатини ижобий ҳал этиш юзасидан мутахассисларга топшириқ берилди.
Шунингдек ишга жойлашиш масаласида мурожаат қилган Ҳурматой Мўминова ва Дилноза Асланова шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази томонидан берилган квота асосида 16-умумтаълим мактабига ишга жойлаштирилди.
Учрашувда “Турон” МФЙда яшовчи Г.Саидовага техникумда ўқиётганлиги учун контракт тўловининг 50 фоизи, “Кимёгар” МФЙда яшовчи З.Тўхтаеванинг фарзанди операцияси учун 30 миллион сўм, “Янги обод” МФЙда жойлашган ётоқхонада яшовчи Д.Пебобарованинг яшаб турган хоналари ёниб кетганлиги боис мебель жиҳозлари учун сарфланадиган маблағ “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар бўлинмаси томонидан тўланадиган бўлди.
Навоий шаҳар 1-сектор ҳудудида 10 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, бугунги кунда ҳудуддаги аҳоли сони 43 минг 274 нафарни ташкил этади. Сектор ҳудудида 6 та мактаб, 18 та мактабгача таълим ташкилоти, 1 та тиббиёт бирлашмаси ҳамда 2 та оилавий поликлиника фаолият юритмоқда. Сектордаги барча маҳаллаларнинг ҳар бирига 1 нафардан банк ходими бириктирилиб, маҳалла раислари ҳамда шакллантирилган ишчи гуруҳлар билан “хонадонбай” иш ташкил этилган.
Маълумки, уй-жой коммунал ва йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови, архитектура, арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, намунавий маҳалла ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини шакллантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тадбирларни амалга ошириш сектор раҳбарининг асосий вазифалари этиб белгиланган. Якунланган йилда сектор раҳбари ташаббуси билан 84 та инвестиция лойиҳалари асосида ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш корхоналари ишга туширилди ва 929 та янги иш ўрни яратилди.
– Навоий шаҳар “Янгиариқ” МФЙ ҳудудида "Janubsanoatmontaj" АЖ корхонаси негизида текстиль корхонаси ташкил этилиб, 350 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, – дейди шаҳар ҳокими М.Базаров. – Шунингдек, “Истиқлол” МФЙ ҳудудида “STIMUL NAVOIY” МЧЖ транспорт ва юк ташиш логистика хизматини ташкил этиш орқали 29 та янги иш ўрни яратилди. “Зўр чевар” ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш учун эса 33 миллион сўм банк кредити ажратилди ва 8 та иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, сектор ҳудудида “ЖСМ-Текстил” МЧЖ ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилиб, 12 нафар хотин-қиз иш билан банд бўлмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида сектор ҳудудидаги аҳоли тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 1-хавф гуруҳда 8464 нафар, 2-хавф гуруҳда 4823 нафар, 3-хавф гуруҳида 2405 нафар, 4-хавф гуруҳида эса 423 нафар фуқаро рўйхатга олинди. 3- ва 4-гуруҳларга кирувчи фуқаролар йил давомида амбулатор ва стационар шароитда соғломлаштирилди. 18 ёшдан катта 17 минг 852 нафар киши 2021 йил давомида тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди.
[gallery-5492]
Сектор бўйича “Ёшлар дафтари” платформаси бўйича рўйхатда умумий 4752 нафар ёш билан анкета сўровномалари ўтказилиб, шундан 651 нафари “Ёшлар дафтари” га киритилиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари бартараф этилди. 644 нафари дафтардан чиқарилган. Бугунги кунда “Ёшлар дафтари” даги 7 нафар ёшнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. “Аёллар дафтари” га киритилган 379 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, касб-ҳунарга ўқиш ҳамда кредит олиш истагида бўлган хотин-қизлар касбга ўқитилди, 56 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилди. 6 нафар хотин-қизга реабилитация мосламалари ажратилди. 8 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари тўлиқ таъмирланди.
Ўтган 2021 йилда сектор штабига ҳамда сайёр қабулларда мурожаат қилган 725 нафар фуқарога соғлигини тиклаш, ижтимоий ҳолатини яхшилаш мақсадида “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан қарийб 300 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилган. Сектор ҳудудидаги, “Ҳаёт” МФЙ биноси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари “Бунёдкор” МФЙ биноси, 15-, 6-,2-, 5- ва 10-сонли мактаб бинолари жорий таъмирдан чиқарилди. Секторга қарашли маҳаллаларда жами 13 та Workout ҳамда 3 та Streetbol спорт майдончалари ташкил этилди. “Ҳаёт”, “Янгиариқ”, “Бунёдкор”, “Гулистон” МФЙлар ҳудудидаги ички йўлларга асфальт ётқизилиб, таъмирланди ҳамда 3500 метр оқова сув йўллари тозаланди.
Сектор ҳудудидаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан маҳалларга қарашли кўп қаватли уйлар олдидаги 22 та болалар майдончалари ва кўп қаватли уйлар том қисмлари қайта таъмирланди, темир панжаралар ўрнатилди, янги спорт майдончалари ташкил этилди.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА