French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Сеҳрли арча” байрам томошаси болажонларга қувонч улашмоқда
15:19 / 2025-12-30

Андижон вилояти қўғирчоқ театри жамоаси томонидан Янги йил байрами муносабати билан болажонлар учун “Сеҳрланган арча” номли театрлаштирилган байрам шоу-томошалари намойиш этилмоқда.

Қиш беғубор орзу-умидлар фасли. Бу фасл инсон қалбида эзгу ҳис-туйғуларни уйғотиб, уни илиқ ва ёқимли лаҳзаларга ошно этади. Қишнинг энг севимли байрами бўлган Янги йил эса болажонларга беқиёс қувонч, катталарга эса ёшлик хотираларини ҳадя этади.

Айни янги йил арафаси кунларида Андижон вилояти қўғирчоқ театрида ҳам кўтаринки ва байрамона муҳит ҳукм сурмоқда. Театр ижодкорлари Янги йил шодиёнасини янада мазмунли ўтказиш, болаларга унутилмас таассуротлар улашиш мақсадида ўзига хос байрам дастурини тайёрлаган.

– Ижодий жамоамиз Янги йил байрами муносабати “Сеҳрланган арча” деб номланган байрам шоу-томошасини намойиш этмоқда, – дейди театр раҳбари Хилолахон Зияева. – Мақсадимиз томошалар орқали болажонларга қувонч, байрамона кайфият, уларнинг қалбига эзгулик улашишдир.

Янги йил байрами томошалари болажонларни сеҳрли ва мўъжизавий эртаклар оламига олиб киради. Томошанинг асосий қаҳрамонлари Қорбобо, Қорқиз ва Ёвуз малика тимсолида яхшилик ва эзгулик ҳамиша ёвузлик устидан ғолиб бўлиши, ёмонлар албатта жазосини олиши кўрсатиб берилади. Хусусан, ёмонлик илинжидаги Ёвуз малика байрам бўлмаслиги, Янги йил арчасининг чироқлари ёнмаслиги учун турли хийлалар ўйлаб топади. Лекин унинг қилмишлари фош бўлгач, барчанинг олдида уялиб қолади.

Томошанинг бош қаҳрамонлари роли театрнинг олий тоифали артистлари Нигора Казакова, Дадажон Отажонов, Мавлуда Парпиева, қолаверса, бутун ижодий жамоа томонидан қизиқарли, ранг-баранг кўринишлар, сюжетлар орқали кўрсатиб берилади. 

Болажонлар, уларнинг ота-оналари юз-кўзларидаги қувонч, байрамона кайфиятни кўриб, беихтиёр уларга ҳавасингиз, қувончларига шерик бўлгингиз келади. 

– “Сеҳрланган арча” байрам томошаси жуда қизиқарли экан, набираларим билан маза қилиб кўрдик, – дейди Андижон тумани, Далварзин маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Зокиржон Маҳмудов. – Набираларим, болажонларнинг қувончини кўриб, беихтиёр қалбимда шукроналик туйғуси жўш уради. Юртимизда мана шундай байрамлар бардавом бўлсин, юртимиз тинчлигига кўз тегмасин.  

Андижон вилояти қўғирчоқ театри жамоасининг Янги йил байрами томошаларида турли эртаклар қаҳрамонлари орқали ростгўйлик, ҳалоллик ва ҳамиша эзгуликка интилиб яшашдек юксак инсоний фазилатлар улуғланади. 

Болажонларда унутилмас таассуротлар қолдираётган вилоят қўғирчоқ театрининг Янги йил байрами томошалари 2026 йилнинг 10 январига қадар давом этади.

Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари