Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
СДТИ 2-клиникаси Ўзбекистондаги давлат тиббиёт муассасалари орасида биринчи бўлиб ISO сертификати билан тақдирланди
14:47 / 2021-12-13

Ихтисослаштирилган хирургик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш орқали болалар ўлимини камайтириш, бу соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Соҳага жаҳон андозаларига мос инновацион ва юқори технологияли хирургик даволаш усулларини киритишни таъминлаш, илмий кадрларни тайёрлашни жадаллаштириш, шаҳар ва туманларда даволаш-профилактика муассасаларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ишлаб чиқилган режага кўра Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-клиникаси (кўп тармоқли ихтисослашган болалар хирургияси маркази) фаолият кўрсатиб келаяпти. Марказ жами 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда кеча-кундуз болалар хирургияси бўйича ихтисослашган хирургик ёрдам кўрсатилиб, болалар хирургиясининг барча асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган бўлимлар ташкил этилган. 

Ўтган қарийб 30 йил давомида марказда жами 230 000дан кўпроқ бемор даволаниб чиққан ва уларга 150 000 зиёдроқ операциялар ўтказилган. Хусусан, болаларда кўп учрайдиган туғма нуқсонлар ва орттирилган касалликлар: яъни ўпка, юрак, жигар, сийдик-таносил тизими аъзоларида миниинвазив ва юқори технологияли мураккаб операциялар бажарилиб келинмоқда. 

Бугунги кунга қадар клиника мутахассислари томонидан Самарқанд вилоятида жойлашган меҳрибонлик уйларидаги 3229 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, 144 нафарида аниқланган турли хил касалликлар даволанган. Клиникада 2017 йилдан 2021 йилгача бўлган давр мобайнида ўтказилган эндохирургик операциялар динамикада ўсиб бораётганлиги кузатилади. 


Дарҳақиқат, клиника фаолияти давомида кўплаб мамлакатлар билан халқаро ҳамкорлик ўрнатмоқда. Клиника шифокорларидан 30 нафари Осиё эндоскопик ва лапороскопик хирурглар уюшмаси аъзоси ҳисобланади. 

Болалар аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хирургик ёрдам сифатини ошириш, йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоларни камайтириш мақсадида 2021 йилдан клиника амалиётига халқаро миқиёсда эътироф этилган сифат стандартлари ISO 9001:2015 “Талаблар. Менежмент сифати тизими” киритилди.


Қувонарли томони – Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-клиникаси (кўп тармоқли ихтисослашган болалар хирургияси маркази) Ўзбекистондаги давлат тиббиёт муассасалари орасида биринчи бўлиб ISO сертификати билан тақдирланди.

Сифат менежменти тақдим этилаётган хизматларнинг барқарор сифатини таъминлайди. Ушбу стандарт мижозларга кучли эътибор, бошқарув мотивацияси ва иштироки, жараёнга ёндашув ва доимий такомиллаштириш каби сифат менежментининг бир қатор тамойилларига асосланади. 


Бу каби эътирофдан англаш мумкинки, клиника ходимлари йилдан-йилга Ўзбекистон Республикасида болалар хирургиясини ривожлантириш ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга сезиларли ҳиссасини қўшиб келмоқда.  

 

Шуҳрат НЕЪМАТОВ, ЎзА