Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Scopus Award – 2019”: Ўзбекистоннинг энг кучли олимлари тақдирланди
14:32 / 2019-12-06

“Scopus Award–2019” тақдирлаш маросимида йил давомида илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланган ўзбекистонлик олимлар ўртасида бир қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.


Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги илм-фанга ихтисослашган Elsevier (Нидерландия) компанияси билан биргаликда дунёнинг энг йирик илмий-таҳлилий маълумотлар базаси бўлган Scopus статистикаси бўйича самарали фаолият юритаётган ўзбекистонлик етакчи олимларни эълон қилди.

6.jpg

“Зарафшон” концерт залида бўлиб ўтган тақдирлашда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, QS, Times Higher Education каби дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари вакиллари, Elsevier компанияси мутахассислари, хорижлик экспертлар ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари ва докторантлар иштирок этди.

“Scopus Award–2019” тақдирлаш маросимида йил давомида илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланган ўзбекистонлик олимлар ўртасида бир қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.

19.jpg

Сараланганлар орасидан 28 номинация бўйича 37 нафар олим ва тадқиқотчи, 6 ОТМ ва битта илмий журнал тақдирланди. 

Шунингдек, “Илм-фан – 2020” миллий ривожланиш дастури доирасида Тошкент давлат юридик университетида “Research transformation: Global Outlook” Халқаро илмий форуми ҳам ўтказилмоқда. Форум етакчи халқаро компаниялар, МДҲ мамлакатлари олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида ташкил этилди. 

23.jpg

Тадбир доирасида олий таълим муассасалари раҳбарлари, тадқиқотчилар, илмий ва тижоратлаштириш бўлимлари бошлиқлари, кутубхоналар директорлари учун мамлакатимиз университетларида 3.0. концепциясини жорий қилиш, уларни QS (Quacquarelli Symonds) ва THE (Times Higher Education) каби жаҳон рейтингига киритиш масалаларида маҳорат дарслари ўтказилди.

Алоҳида сессияларда патент олиш учун ҳужжатларни тайёрлаш, илмий тадқиқотлар натижаларини амалга ошириш, илмий мақолалар ёзиш, шунингдек Scopus журналлари талаблари ва тавсиялари, илмий кутубхоналарни самарали бошқариш, антиплагиат масалалари муҳокама қилинади.

Scopus Award – Elsevier компаниясининг дунё миқёсидаги ташаббуси бўлиб, жаҳоннинг нуфузли илмий мукофоти ҳисобланади. Мукофот олимларнинг сермаҳсул фаолиятини рағбатлантириш, зиёлилар мавқеини кўтариш, ёшлар ўртасида илмий фаолият билан профессионал шуғулланишни оммалаштиришга йўналтирилган. 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Elsevier компанияси ўртасида республика олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, уларни дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилишини таъминлашга қаратилган, “Илм-фан – 2020” миллий ривожланиш дастури имзоланган эди.