“SCAT” авиакомпанияси Ўзбекистон шаҳарларига янги рейсларни йўлга қўймоқчи
Қозоғистоннинг “SCAT Airlines” авиакомпанияси томонидан Туркистондаги “Ҳазрати Султон” халқаро аэропортидан Ўзбекистоннинг Урганч, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилиши кутилмоқда.
“Uzbekistan Airports” компаниясидан маълум қилишларича, Туркистон – Урганч – Туркистон йўналиши бўйича парвозлар жорий йил 1 декабрдан душанба, жума ва якшанба кунлари, Туркистон – Бухоро – Туркистон йўналиши бўйича тўғридан-тўғри рейслар эса 2 декабрдан сешанба, пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Туркистон – Самарқанд – Туркистон йўналиши бўйлаб тўғридан-тўғри парвозлар 3 декабрдан чоршанба, жума ва якшанба кунлари амалга оширилади.
Янги авиарейсларнинг йўлга қўйилиши икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги саёҳатлар янада қулай бўлишига хизмат қилади.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА