Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Саждагоҳим – Ватан, суюклигим – халқ”
18:27 / 2024-09-20

Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, фахрий журналист, шоира Салима Умарованинг қутлуғ 70 ёши ҳамда ижодкорнинг 4 жилдлик “Сайланма” асарлари тақдимоти муносабати билан “Саждагоҳим – Ватан, суюклигим – халқ” номли адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди.

Унда республикамизнинг бир қатор таниқли ижодкорлари, ёзувчи ва шоирлар, адибанинг яқинлари, шогирдлари, талаба ёшлар, адабиёт мухлислари иштирок этди. 

Салима Умарова 1954 йилда Карманада туғилган. Узоқ йиллар вилоят матбуотида, хусусан “Дўстлик байроғи” газетасида самарали фаолият олиб борган. 2001 йилда “Шуҳрат” медали, 2008 йилда эса “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган. Бугунги кунда унинг 15 дан ортиқ турли жанрлардаги китоблари чоп этилган. “Инсон ҳақида қўшиқ”, “Қалб дафтари”, “Юракнинг ранглари”, “Райҳон ҳиди”, “Менинг келинчак қизим”, “Саодат йўли”, “Саодат қўрғони”, “Руҳафзо туйғулар”, “Офтобли кунлар”, “Бир қатим нур” кабилар шулар жумласидан. 

– Мен таниқли шоирамиз, адибамиз, ҳамкасбимиз Салима Умаровани бундан 37 йил олдин таниганман, – дейди шоир ва таржимон Вафо Файзуллоҳ. – Опа жамият ҳақида, давлат ҳақида, атрофидаги кишилар ҳақида ёзадими, барча асарларида меҳр балқиб туради. Доимо уни тушунишга, унинг муаммоси бўлса айтишга ҳаракат қилади. Иккинчи бир фазилати эса саховатлилигидир. Шу орқали жамиятда ўз ўрнини топган инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Садоқат опа ҳамиша ёшларни, шогирдларини қўллаб-қувватлаган. Уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан ёрдам бериб келган. Буни ёшлар, қатор ижодкорларнинг асарларини тўплаб чиқарган баёзларида, китобларида ҳам кўриш мумкин. 

[gallery-19370]

– 2006 йили олий таълимни битириб, вилоят газетасида иш бошлаганман. Вилоятимизда матбуот соҳасида ўз сўзи, қаламига эга бўлган Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси, ўнлаб китоблар муаллифи, давлатимизнинг юксак мукофотлари соҳиби, забардаст журналистнинг қаршисида туриш, ўгитларини олиш ҳам аслида анча залворли ва қувончли эди, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов. – Устозимиз Салима Умаровани ўқувчилик давримдан яхши билганим, мактабимиз кутубхонасида китобларини ўқиганим боис, сиртдан танирдим, ҳатто айрим шеърларини ёд ҳам олгандим. 

Салима опа муҳаррир ўринбосари сифатида биз ёш мутахассисларга ҳамиша тўғри йўл кўрсатиб, камчиликларимизни тузатишимизга кўмаклашишдан толмасди. Мақола тайёрлаш бўйича мавзу ва йўналишлар берарди. Аммо ўша пайтда айтган бир сўзлари ҳеч эсимдан чиқмайди: “Журналистиканинг нони қаттиқ, аммо ширин. Сен ҳамиша яхши нарсалар ёзишга ҳаракат қил, сўзнинг қадрига ет. Кўпроқ китоб ўқиш инсон тафаккурини чархлайди. Яхши мақолалар ҳам кўп китоб ўқиганда ёзилади”. Дарҳақиқат, ҳаётим ва фаолиятим давомида бу сўзларнинг амалий ифодасини кўриб келяпман. Устозимиз Салима Умарованинг фаолияти, тиниб-тинчимаслиги, ташаббускор ва ташкилотчилиги, меҳрибонлиги ҳамиша биз ёшларга ибрат мактаби бўлиб келган. 

Ўша даврда ҳар ҳафта бошида ташкил этиладиган таҳририят умумий йиғилишида газетанинг янги сони ходимларнинг бири томонидан таҳлил қилиниши анъанага айланган эди. Қайси материал энг яхши, қайси материалда камчиликлар бор, рўй-рост айтиларди. Бу ҳам аслида биз ёшлар учун маҳорат мактаби эди. Шундай кезларда мабодо қайсидир материалимизда камчиликлар мавжуд бўлса-да, Салима опа ҳамиша: “Булар ҳали ёш кадр, аста-секин изига тушиб кетади. Келгусида бу хатоларни қайтармайди”, деб раҳбарият олдида бизни аярди. Балки шу хулосалар сабаб бугун шундай хатоликларни қайтармасликка ҳаракат қилиб келяпмиз. 

С.Умарова томонидан ташкил этилган “Ниҳол” тўгарагида сабоқ олган ёшларнинг бугун аксарияти республикамизнинг турли нуфузли оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу тўгарак неча йиллар давомида ёш журналист кадрларни кашф этиш ва уларни соҳага кириб келишига мустаҳкам замин яратгани билан аҳамиятлидир. 

Бадиий кечада сўзга чиққанлар шоира ҳақида ва серқирра ижоди юзасидан самимий фикрлар билдирди. Шеърларидан намуналар ўқиди. 

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари