Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қочқинлар бўйича агентлиги маълумотига кўра, ҳозир дунёда 120 миллиондан зиёд кўчманчи бор. Бу Ер юзидаги ҳар 67 инсондан бири қочқин, дегани. Ҳар дақиқада 20 киши уруш, қувғин ёки қўрқув туфайли уйини тарк этади.
42,7 миллион чегарани кесиб ўтганларнинг 73 фоизи паст ва ўрта даромадли мамлакатлар, 67 фоизи қўшни давлатдан бошпана топган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ўз мурожаатида “Судандан Украинагача, Гаитидан Мьянмагача қўллаб-қувватлаш камайиб бораётгани сабабли рекорд миқдордаги одам қочмоқда”, деди.
Мажбурий кўчирилганлар сони мисли кўрилмаган даражага чиқиб, гуманитар ёрдам таҳдид остида қолмоқда. “Қочқинлар билан бирдамлик” кун тартибига чиққани боис, қочишга мажбурларни қўллаб-қувватлаш учун аниқ чоралар кўриш лозим.
БМТ янги ҳисоботида глобал кўчиш икки баробар кўпайгани, молиялаштириш эса қисқаргани қайд этилган.
– Бирдамлик инсонпарварлик ва тараққиёт ёрдами, ҳимоя қилиш ва кўчириш каби барқарор ечимлар кўламини кенгайтириш, халқаро ҳуқуқ устуни – бошпана ҳуқуқини ҳимоя қилишни англатади, – деди Бош котиб. – Бу қочқинларни тинглаш ва уларнинг келажагини шакллантиришда овозга эга бўлиш таъминланишини ҳам англатади. Шунингдек, таълим, муносиб иш ва тенг ҳуқуқ орқали узоқ муддатли инклюзивликка сармоя киритиш зарур.
2024 йил 188 800 қочқинга доимий яшаш ҳуқуқи берилди – бу охирги 40 йилдаги энг юқори кўрсаткич. БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳисоботига кўра, 2019-2023 йиллар оралиғида саккиз мамлакатдан қарийб бир миллион қочқинга меҳнат миграцияси, ўқиш ёки оилани бирлаштириш орқали 38 давлатга кириш ҳуқуқи берилган. Қочқинлар учун қонуний миграция йўлларини таъминловчи етакчи давлатлар ҳисобланган Германия, Канада, АҚШ, Буюк Британия ва Швеция оилаларни бирлаштириш имконияти, меҳнат ва талабалар миграцияси учун виза механизмидан фаол фойдаланмоқда.
Бундан ташқари ўтган йил 9,8 миллион киши, жумладан 1,6 миллион қочқин ва 8,2 миллион ички кўчманчи уйига – Афғонистон ва Сурияга қайтди. БМТ таъкидлашича, қайтиш ихтиёрий бўлиши ва қайтиб келганларнинг қадр-қиммати ва хавфсизлиги таъминланиши керак. Бу эса узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш ва барқарор ривожланиш саъй-ҳаракатини талаб қилади.
Сўнгги ўн йилликда дунё бўйлаб ички кўчирилганлар сони икки баробар кўпайди. Шу билан бирга молиявий етишмовчилик аллақачон заиф бўлган кўчирилган жамоаларни хавф остига қўяди ва мезбон минтақаларда беқарорликни кучайтиради.
– Одамлар ҳеч қачон қочқинликни танламайди, – дея хулоса қилади БМТ Бош котиби. – Биз эса қандай муносабатда бўлишни танлай оламиз. Шундай экан, бирдамлик ва қатъийликни танлайлик. Инсониятни танлайлик.
С.Раҳимов, ЎзА