Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёрамиздаги болажонлар ёзги таътилни қандай ўтказмоқда?
09:12 / 2022-06-30

Болалар учун ёзги таътилни мароқли, мазмунли ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Зеро, ёзги таътил мактаб машғулотидан чарчаган ўқувчи тўлиқ дам олиши, куч тўплаши ва соғлиғини яхшилаши мумкин бўлган вақт ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда болаларнинг мазмунли дам олишини ташкил этиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида “Ёз-2022” штаби ташкил этилди. 205 та стационар оромгоҳда фаолият юритиш учун жами 4 683 педагог-кадр рўйхати шакллантирилиб, улар махсус дастур асосида ўқитилди.

Жорий ёз мавсумида мамлакатимиз бўйлаб очилган 1 131 оромгоҳда 297 441 нафар бола дам олиши режалаштирилган. Мавсум давомида болаларни оромгоҳга жалб этиш ва соғломлаштириш тадбирлари ташкил этиш учун жами 100 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Бундан ташқари соғломлаштириш майдончаси ташкил этилган 533 таълим муассасасида 47 840 нафар ўғил-қиз дам олади.

Ёз – ҳар бир бола орзиқиб кутадиган ажойиб давр. Фарзандларимиз мароқли хордиқ чиқариши нафақат хоҳиш-истакка, балки муайян давлатнинг анъаналарига ҳам боғлиқ. Табиийки, дунё мамлакатларида ҳам таътил турлича.

Японияда расмий “билим куни” – 1 апрель, ўқув йили якуни – 1 март. Японлар кўп ўқийди, бу кейинчалик уларга яхши маошли иш топишга ёрдам беради. Болалар “байрамлар қийин мавзуни тушуниш учун қўшимча вақт топиш мақсадида яратилган” дея ишонтирилади. Кўпчилик таътилда ўқитувчи томонидан берилган вазифани бажариш билан машғул бўлади ёки иероглиф чизиш, ёзиш қобилиятини ривожлантиради.

Франциядаги таълим муассасалари иш жадвали, шу жумладан, байрамлар минтақага боғлиқ. Умуман, миллий байрамларни ҳисобга олмаганда, ўқув йили давомида бола беш марта дам олади. Дарвоқе, француз оналари иложи борича фарзандининг яхши ўқишини таъминлашга интилади. Шунинг учун таътил пайти кўпчилик бола билими билан боғлиқ мавжуд камчиликларни бартараф этишга киришади.

Кўпгина испан мактабларида "Ёз" 20-23 июнда, ўқув йили, тахминан, сентябрь ойи ўртасида бошланади. Демак, кичик испанияликларнинг ёзги таътили бироз қисқа. Аксарият ёшларвақтини оила аъзолари, катта авлод – бобо ва бувилар даврасида ўтказади. Испанияда ўзига хос ёзги оромгоҳлар кўп. "Сампаментос", одатда, сўлим тоғли ҳудудда ёки қирғоқда жойлашган. Бундай масканларда мактаб ўқувчиларига миллий қўшиқ ёки рақс ўргатилади. Айниқса, ёшларга чет тилларини чуқур ўргатадиган муассасалар жуда оммабоп. Испанлар ўқишга жиддий аҳамият беради, болалар ёзда ҳам кўп ўқийди. Ота-она дам олишни фарзанди билан бирга режалаштириши учун таълим муассасаси веб-сайтида зарур маълумотлар эълон қилинади.

Дам олиш кунлари болалар учун нафақат анъанавий мактаб ёки дала оромгоҳи, балки махсус оромгоҳлар ҳам ташкил этилади. Масалан, рақсни, пазандаликни ўргатадиган, бадиий йўналишли оромгоҳларга талаб кучли. Спорт турлари орасида испан болалар теннисни афзал кўришади.

Испания мактаб таълимидаги асосий муаммолардан бири болаларга ҳаддан зиёд кўп уй вазифаси берилишидир. Таътил топшириғини бажариш учун баъзи мактаб ўқувчилари дам олиш кунларини ҳам дарсга сарфлашга мажбур бўлади.

Америка Қўшма Штатларида мактаб таътили учта байрам – Рождество, Пасха ва Шукрона куни билан боғланган. Дам кунлари давомийлиги ва санаси турли штатларда бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Кичкина америкаликлар бўш вақтини ўзлари режалаштиради. Кўпинча болалар интернетда мулоқот қилишади ёки телевизор кўришади.

Британия мактабларида ўқув йили уч даврга бўлинган. Машғулот Рождество ва Пасха байрами шарафига икки ҳафталик таътил билан тўхтатилади.  Шунингдек, октябрь, февраль ва май ойларида "ярим триместр" ҳафталик таътили мавжуд. Мамлакатда ўқув йили июнь охири – июль ойи бошигача давом этади ва сентябрда бошланади.

Британия бошланғич мактабларида уйга вазифа бериш бир неча йил олдин бекор қилинган. Бу юртда уй вазифаси ўн-ўн бир ёшгача ортиқча стрессга сабаб бўлади, бола дарс билан эмас, балки ота-онаси билан кўпроқ вақт ўтказиши керак, деб ҳисоблашади. Баъзи хусусий мактабларда уй ва таътил учун вазифалар ихтиёрий равишда тақсимланади.

Австралияда ўқиш даври тўрт чорак давом этади, орада икки ҳафталик таътиллар мавжуд. Бу мамлакат таълим тизими бошқа давлатлардан кескин фарқ қилади. Масалан, мактабда ҳафтасига фақат беш кун ўқиш одат тусига кирган, уйга вазифа берилмайди, ўрта таълим давомийлиги ўн икки йил. Австралияда иссиқ иқлим туфайли спортга алоҳида эътибор қаратилади, ёшлар ҳар куни, ҳатто, байрамларда ҳам тўхтамай машқ қилади. Ўрта ва катта ёшли ўқувчиларига байрам ва таътилни ўзлари режалаштиришига рухсат берилади.

1,5 миллиард аҳолиси бор Хитойда ўқиш-ўрганиш боланинг тили чиқиши билан бошланади ва ҳеч қачон тугамайди. Хитой тизими сайёрамиздаги энг қийин таълим жараёни, дейиш мумкин. Мактабдан йилига икки марта – қишда ва ёзда таътил берилади. Ёзги таътил бир ойдан кўпроқ чўзилади: июль ойи ўртасидан августь ойи охиригача. Қишки таътил эса январь ойи ўртасидан февраль ойи ўртасига қадар давом этади. Аслида, бу вақтни таътил, деб аташ ҳам қийин, чунки болаларга жуда кўп уй вазифаси берилади. Баъзи ота-оналар маълум бир фанни яхши ўзлаштириши учун фарзандини машҳур ва махсус курсларга юборади.

Билим олиш учун бола 15 йил вақт сарфлайди. Шундан сўнг мактаб ўқувчиси ҳаётдаги энг муҳим имтиҳон – университетга тайёрланади. Кундалик жисмоний тарбия машғулотида бола мунтазам равишда стрессни бартараф этишга даъват этилади. Афсуски, бундай "терапия" доим, ҳаммагаям ёрдам беравермайди.

Бир сўз билан айтганда, ҳар бир мамлакатнинг ўрта таълим тизими ўзига хос, муайян давлатнинг маданий анъаналарига, аҳолиси менталитетига асосланади. Барибир, аксарият давлатларда болаларнинг таълим олиши давомида вақтини мазмунли ўтказиши, мароқли дам олишига ҳам жиддий эътибор қаратилади. Зеро, ёш авлодни ҳар жиҳатдан тўғри тарбиялаш ва камолга етказиш келажак учун қўйилган мустаҳкам пойдевордир.

Гўзал Сатторова, ЎзА