Дунёнинг 10 нафар миллиардери пандемия даврида бойлигини икки баробарга кўпайтириб олган.
Уларнинг давлати 700 миллиард доллардан 1,5 триллион долларгача етган, янаям аниқроқ қилиб айтганда, сайёрамиз аҳли ҳавас билан қарайдиган 10 нафар миллиардерларимиз моли-давлатини кунига 1,3 миллиард доллардан орттириб борган. Ушбу рақамлар куни кеча дунёнинг қашшоқ мамлакатлари аҳолисига ёрдам бериш билан шуғулланувчи Oxfam халқаро хайрия ва гуманитар ташкилоти эълон қилган маърузасида келтирилмоқда.
Forbes маълумотларига кўра, улар орасида Tesla компанияси раҳбари Илон Маск, Amazon интернет-савдо компанияси асосчиси Жефф Безос, LVMH (Louis Vuitton Moet Hennessy) компаниясининг француз гуруҳи бош директори Бернар Арно, Microsoft корпорацияси асосчиси Билл Гейтс, Facebook ижтимоий тармоқ асосчиси Марк Цукерберг, Oracle компьютер технологиялари компанияси асосчиси Ларри Эллисон, Google корпорацияси асосчиси Ларри Пейж ва Сергей Брин, Microsoft компаниясининг собиқ бош директори, компаниянинг Билл Гейтсдан кейинги энг йирик акционери Стивен Балмер, Berkshire Hathaway холдинги раҳбари Уоррен Баффетлар бор.
Oxfam компаниясининг “Тенгсизлик ўлдиради”, деб номланган ҳисоботида келтирилишича, пандемия даврида инсониятнинг 99 фоизи даромади тушиб кетган, 160 миллиондан ортиқ киши қашшоқлик бўсағасига келиб қолган. Дунё аҳолисининг энг қашшоқ қатламида ҳар куни 21 киши ноиложлик қурбонига айланиб ҳалок бўлмоқда.
Oxfam раҳбари Дэнни Шрискандараджанинг таъкидлашича, "пандемия даврида қарийб ҳар куни янги миллиардер пайдо бўлган. Худди шу шароитда дунё аҳолисининг 99 фоизи локдаунлар, халқаро савдо ва халқаро туризмнинг қисқариши сабабли янада қийин аҳволда қолмоқда".
"Ушбу ўн киши эртага бойлигининг 99,999 фоизини йўқотган тақдирда ҳам, барибир сайёрамиз аҳолисининг 99 фоизидан ҳам бой бўлар эди, - дейди Oxfam Internationalнинг ижрочи директори Габриэла Бучер. – Бизнинг иқтисодий тузилмамиз нафақат бизни пандемия олдида ҳимоясиз қилиб қўймоқда, балки фавқулодда бойлар ва қудратли одамларга инқирозни ўзларининг фойдаси учун ишлатиш имконини бермоқда", дейди у.