“Сибирское здоровье” компанияси Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан амалга оширилаётган “Оролдаги боғим” (“My garden in the Aral Sea”) агро ва экотуризм лойиҳасини фаол қўллаб-қувватлаш орқали Оролбўйи экотизимини тиклашга салмоқли ҳисса қўшишда давом этмоқда.
120 кишидан иборат компания вакиллари “Сайёрамиз учун 100 гектар” экологик акцияси доирасидаги ташаббусни давом эттириш учун яна Орол денгизининг қуриган тубига етиб келишди.

Тадбир иштирокчилари Оролбўйи халқаро инновация маркази билан биргаликда табиий ландшафтларни тиклаш ва минтақанинг экологик барқарорлигини яхшилашга қаратилган 15 минг туп саксовул кўчатини экиш бўйича кенг кўламли кампанияни расман бошладилар. Акция чўлланишга қарши курашиш, чанг бўронларини камайтириш ва қуриган денгиз тубида барқарор яшил қопламни шакллантириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Қурғоқчиликка чидамлилиги юқори бўлган саксовул қумли тупроқларни барқарорлаштириш ва экологик офат ҳудудида ҳимоя ўрмонзорларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири