French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёралар паради бир чизиқда чизилиши ростми? (+видео)
10:25 / 2025-03-01

Сўнгги вақтларда "осмонда сайёралар паради кўп кузатиляпти, яъни сайёралар бир чизиққа чизиляпти, уни кузатиш керак, илмий аҳамияти бор", деган хабарларни жуда кўп эшитяпмиз.

Ростдан ҳам сайёралар бир чизиқда чизиладими? Ушбу саволга Фанлар академияси Астрономия институти катта илмий ходими Камолиддин Эргашев қуйидагича жавоб берди.

—“Сайёралар паради” деганда бир нечта сайёранинг осмон сферасида кетма-кет, яъни бир чизиқда жойлашиши назарда тутилади. Яъни, фазода сайёраларнинг қуёшдан бир томонда тахминан 30 градусли бурчак остида бир-бирига яқин ҳудудда жойлашиши “сайёралар паради”ни ташкил қилади.  

“Сайёралар паради” ҳақиқатан ҳам ердан туриб кузатилгандек бир чизиқда жойлашадими, деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки ҳар бир сайёранинг ўзининг орбитаси оғмалиги эклиптика текислигига нисбатан маълум бир бурчак остида жойлашган. Шу сабабли сайёралар ҳеч қачон битта чизиқда чизилмайди. Бу физик жиҳатдан имконсиз масала ҳисобланади. Фақат ердан осмонни кузатаётган кузатувчи учун бир чизиқда чизилгандек таассурот ўйғотади холос.  

Бу масаланинг илмий томони нимада? Бутун олам тортишиш қонуни, қуёш ва ернинг айланиши каби ҳодисалар кашф қилинганда олимлар томонидан бир фикр илгари сурилган. Яъни, агар барча сайёралар қуёшнинг бир томонига ўтиб қоладиган бўлса, бу маълум бир ғалаёнланишларни келтириб чиқармайдими, деган савол ўртага ташланган.

Тадқиқотлардан маълум бўлдики, қуёшнинг массаси бошқа сайёраларнинг массасидан жуда катта. Барча сайёраларнинг массаларини ҳисоблаб чиқса ҳам, қуёш массасининг олдида жуда арзимас кичик миқдорни ташкил қилади. Айнан мана шу сабаб туфайли ҳам сайёраларни қуёшнинг бир томонига ўтиб қолиши ҳеч қандай орбитал ғалаёнланишларни келтириб чиқармайди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/unyRwMbPINg" title="Sayyoralar paradi bir chiziqda chizilishi rostmi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео), У.Тўхтаев (монтаж), ЎзА