Давлат хизматлари кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш чоралари кўрилмоқда.
Сирдарё вилоятида ўтган 2022 йилда Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига 320 мингдан ортиқ хизмат кўрсатилган бўлса, шундан 281 минг 73 таси бевосита марказларда амалга оширилди. 30 мингга яқин фуқаро хизматлардан Ягона интерактив давлат хизматлари портали my.gov.uz орқали фойдаланди.
Энг кўп давлат хизматлари Гулистон шаҳар Давлат хизматлари маркази орқали кўрсатилди. Жумладан, Гулистон шаҳрида 76 минг 751 та, Сирдарё туманида 36 минг 630 та, Гулистон тумани ДХМда эса 31 минг 80 та давлат хизматлари кўрсатилди.

Шунингдек, ўтган йилда давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 8 минг 391 тани ташкил этган бўлса, шундан 365 таси марказларга келмасдан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда давлат рўйхатидан ўтган.
Вилоятнинг олис, чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолининг давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш мақсадида 38 минг 723 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Жорий йилда ҳам Адлия ва Солиқ бошқармалари ўртасида ҳамкорлик режаси тасдиқланиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш борасида режалар белгилаб олинди.

Ушбу ҳамкорлик самараси ўлароқ, дастлабки тадбирлар бошлаб юборилди. “Биз ўзимиз келдик” лойиҳаси доирасида Гулистон шаҳар давлат хизматлари маркази ва солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда Гулистон шаҳар деҳқон бозори, Эски деҳқон бозори ҳамда “Обод юрт” маҳалласида жойлашган бозор ҳудудида ўтказилган сайёр давлат хизматлари ана шулар жумласидандир. Сайёр хизмат кўрсатиш давомида 18 нафар фуқаро якка тартибда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
– Радиоэлектрон аппаратлар, маиший машиналар, маиший приборлар, офис машиналари ва ҳисоблаш техникасини таъмирлаш, ўрнатиш, уларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланаман, – дейди ёш тадбиркор О.Жамолов. – Бугун аҳолининг ушбу хизматга талаби катта. Давлат хизматлари марказининг сайёр хизматидан фойдаланиб, якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтдим, энди аҳолига қонуний ва сифатли хизмат кўрсатаман.
Сайёр хизматлар орқали фуқароларнинг идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олди олинмоқда. Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган сайёр хизматлар давомида фуқароларга 27 та фаолият тури бўйича давлат хизматлари кўрсатилди, шунингдек 42 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА