Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан Тошкент шаҳрида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича Йўл харитасининг 17-банди ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди...
Жумладан, туман судининг судьяси Анвар Икромов томонидан судлар фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини ошириш борасида «Менинг маҳаллам – менинг судьям» ғояси асосида тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари биносида маҳалла фаоллари ва аҳолиси билан сайёр учрашув ўтказилди.
Хусусан, сайёр учрашув давомида туман судининг судьяси Анвар Икромов томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг «б» банди билан айбланувчи У.Х., Жиноят кодекси 226-моддасининг 1-қисми билан айбланувчи И.Б. ва Жиноят кодекси 266-моддаси 2-қисмининг «а» банди билан айбланувчи Б.Б.га оид жиноят иши кўриб чиқилди.
«У.Х. хавфли рецидивист бўла туриб, ўзгалар мол-мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш мақсадида бир фуқаронинг ишончига киради. Унга ўзига тегишли бўлмаган «Спарк» автомашинасини сотишга ишонтириб, 68.000.000 сўм миқдордаги пулларини қўлга киритиб, айтган ваъдасини бажармайди. Фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган пулларни ўзининг эҳтиёжига сарфлаб юборган.

У.Х Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга узил-кесил ўташ учун ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 2 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
И.Б. эса Жиноят кодекси 226-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 1 йил 10 ойга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Б.Б. жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2021 йилдаги ажрими билан 6 ой муддатга маъмурий назорат ўрнатилганлигини била туриб, мазкур туман суди томонидан маъмурий назорат қоидаларини бузганлиги учун МЖтКнинг 206-моддасига асосан жарима жазосига тортилганлигига қарамасдан, ўзига тегишли хулоса чиқармади. У соат 22:40 ларда, ўзининг яшаш хонадони бўлмасдан маъмурий назорат қоидаларини бузган. ЖК 226-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга Жиноят Кодекси 226-моддасининг 1-қисми билан 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди», - деди Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси Анвар Икромов.