Сирдарё вилоятининг божхона бошқармаси томонидан тадбиркорлар билан очиқ, аниқ ва самарали мулоқотни таъминлаш, божхона соҳасидаги янгиликлар ва яратилган қулайликлардан хабардор қилиш мақсадида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай ишлар доирасида бошқарма бошлиғи Нодирбек Салимжонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Янгиер шаҳрида жойлашган “Elegant Fiber Textile” масъулияти чекланган жамиятида сайёр учрашув ўтказилди.
Ҳозир ушбу корхонада 377 нафар ходим доимий иш ўрни билан таъминланган. Корхона болалар, аёллар ва эркаклар учун турли хилдаги юқори сифатли трикотаж маҳсулотларини маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Маълумотларга кўра, 2025 йил бошидан буён корхона томонидан умумий қиймати 1,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 15 турдаги 540 минг дона тайёр трикотаж маҳсулоти МДҲ ва Европа мамлакатларига “Экспорт уч қадамда” тизими орқали сотилган.

– Сайёр учрашув чоғида тадбиркорларга ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривожлантириш ва соддалаштиришга қаратилган имкониятлар тўғрисида атрофлича тушунтиришлар берилди, – дейди Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш шўъбаси бош инспектори Алимардон Умаров. – Жумладан, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими орқали маҳсулотларни қайта ишлаш жараёнларини ички бозорда ташкил этиш имкониятлари ва бу орқали харажатларни қисқартириш афзалликлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ташқи савдо жараёнларини электрон тарзда юритиш учун яратилган “Э-контракт” ахборот тизими ишга туширилгани ва унинг қулайликлари ҳақида маълумот берилди. Айниқса, ташқи савдо шартномалари сони 22 тадан 6 тагача қисқартирилиши ва битта шартнома доирасида турли божхона режимларидан фойдаланиш имкони мавжудлиги тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди.

Учрашувда давлат раҳбари томонидан маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, янги бозорларга чиқиш ва миллий брендларни яратишга доир ташаббуслар қўллаб-қувватланаётгани алоҳида таъкидланди. Шу муносабат билан тўқимачилик соҳасида янги миллий брендлар яратиш, халқаро ва хорижий брендлар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири