Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг тумандаги 41-манзил колониясида ўтказган сайёр суд мажлисида колония маъмуриятининг озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 20 нафар маҳкумга киритган тақдимномаси кўриб чиқилди.
Суд мажлисида жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига риоя этган, ўзининг хулқини ижобий томонга ўзгартирган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб, тегишли хулоса чиқарган икки нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазо муддати бекор қилиниб, Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан улар муддатидан олдин шартли равишда озод этилди. 18 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазо муддати Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил колониясидан озод этилди. Миллатимизга хос инсонпарварлик, кечиримлилик каби тамойилларга асосланган суд мажлисида озод этилганларнинг бир нафари 70 ёшни қаршилаган отахон, 17 нафари турли ёшдаги эркак ва уч нафари аёлдир.

Маҳкум Абдирохмон Холбоев беш фарзанднинг отаси. Вақтинча ишламаган. Муқаддам ҳам судланган. У шу йил 17 сентябрда жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, бир йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Шу кунгача тайинланган жазо муддатининг 1-3 қисми яъни, 4 ой 1 кунини ўтаган. Сайёр суд мажлисида ўталмай қолган 7 ойу 29 кунлик жазо бекор қилиниб, маҳкум муддатидан олдин шартли равишда озод этилди.

Маҳкума Дилдора Хусанова Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида яшаган. Икки нафар фарзанди бор. 2023 йил 11 сентябрда жиноят ишлари бўйича Миришкор туман судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисмининг “а” банди, 166-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан айбли деб топилиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Сайёр судга қадар тайинланган жазо муддатининг 1 йил 6 ойини ўтаган. Унинг ўталмай қолган 1 йил 6 ой жазо муддати ойлик иш ҳақидан 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилди.

– Инсон учун озод ва эркин яшашнинг катта неъмат эканини шу ерда чуқур англаб етдим, – дейди Дилдора Хусанова. – Турмушдан ажрашганман. Вояга етмаган икки фарзандим ногиронлиги бор онам қўлида қолди. Энди фарзандларимга ҳам яхши тарбия бериб, уларнинг қалбига барча инсоний фазилатларни сингдиришни ният қилдим. Содир этган жиноятимдан чин дилдан пушаймонман.
– Сайёр суд мажлисида ўталмай қолган жазо муддатидан илгари шартли озод этилган ва жазо муддати енгилроқ жазо турига алмаштирилганларнинг барчаси қилмишидан тўғри хулоса чиқаргани ва бу ишидан пушаймонлигини маълум қилди, – дейди Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультанти Асқар Қудратов. – Жиноятлари кечирилгани, ўзларининг жамиятда ҳалол, тўғри яшашига катта имконият берилгани учун давлатимизга, одил судга чуқур миннатдорлик билдирди.
Сайёр суд мажлисида жазо муддати енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил колониясидан озод этилган 18 нафар маҳкум ўталмай қолган жазо муддатини тегишли тартибда ўз ҳудудидаги пробация хизматида ўтайди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири