Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёр суд – огоҳликка даъват
19:33 / 2025-07-10

Ҳуқуқбузарликка қарши кураш – жамият тинчлиги ва тараққиёти учун асосий омиллардан бири. Чунки одамларнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши, аввало, қонун устуворлиги ва жамоат тартиби таъминланишига боғлиқ. Айнан шу мақсадда, сўнгги йилларда юртимизда маҳаллаларда ўтказилаётган сайёр суд мажлислари кенг жамоатчилик эътиборини тортмоқда. Чунки бу суд жараёнлари аҳолига нафақат қонуний чора кўриш, балки профилактик ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Шундай сайёр суд мажлисларининг навбатдагиси Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилди. Унда жиноят ишлари бўйича Беруний тумани судининг тергов судьяси Ибрайим Алланиязов томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, турли ҳуқуқбузарликлар содир этган 14 нафар шахснинг иши кўриб чиқилди.

Суд жараёнида айбига иқрор бўлиб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган шахсларга огоҳлантириш ва жарима тайинланди. Бироқ ўз қилмишини тўлиқ англаб етмаган ҳуқуқбузарларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган қатъий жазо чоралари қўлланилди.

Суд мажлиси давомида нафақат ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилди, балки маҳалла аҳолиси иштирокида ҳуқуқий тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди. Аҳоли, айниқса, ёшлар қонун олдида ҳар ким жавобгар эканини ва ҳар қандай ҳуқуқбузарлик жазога сабаб бўлиши мумкинлигини ўз кўзи билан кўриб, англаб етди.

Бундай очиқ сайёр судлар – огоҳлик сабоғи. У нафақат қонунбузарга тегишли чора белгилайди, балки бошқаларга ҳам сабоқ бўлиб хизмат қилади. Энг асосийси фуқароларда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири