Сайёр суд: ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилди
Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Маданият марказида жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида фуқаролар, уюшмаган ёшлар ҳамда туман пробация бўлими назоратида турган шахслар иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Дастлаб суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган алимент тўловларини тўламасдан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган 26 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилди. Якунда уларнинг 14 нафарига нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, иштирокчилар гувоҳлигида суд қарорлари эълон қилинган бўлса, 12 нафари томонидан алимент қарздорлиги тўланганлиги сабабли уларга оид ишлар тугатилди.

Сайёр суд мажлиси давомида юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар, қабул қилинаётган қонунлар ҳақида маълумотлар берилди.

Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири