Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёр суд: 4 нафар шахсга нисбатан инсонпарварлик тамойили қўлланилди
12:52 / 2023-05-16

Кармана тумани “Деҳқон” маҳалла фуқаролар йиғинида Навоий вилоят суди раиси ва вилоят маъмурий суди раиси иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Унда суд раислари томонидан 2023 йил 1 майдан қонуний кучга кирган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, ундаги инсон ҳуқуқларига доир киритилган нормалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

– Янгиланган Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилди, – дейди вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов. – Жумладан, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилган.  

Шунингдек, илк бор шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган “Миранда қоидаси”), сукут сақлаш ҳуқуқи берилди. Ҳар кимнинг ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди. Бундай ҳуқуқларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилди.  

Тадбирда ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланиши мумкинлиги, Конституцияда айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши тушунтирилди.  

Сайёр қабулда тумандаги жиноят, фуқаролик ҳамда иқтисодий суд раислари ҳам иштирок этиб, 20 дан ортиқ фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаатлари тингланди, аксариятини жойида ҳал қилиш чоралари кўрилди ва қолган мурожаатчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Бундан ташқари, шу куни жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, 4 нафар шахсларга оид жиноят ишлари кўриб чиқилди ва уларга нисбатан инсонпарварлик тамойили қўлланилди.

Абдували Бўриев,  

ЎзА .