Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёр қабулларда фуқароларнинг мурожаатлари ҳал этилмоқда
15:00 / 2025-05-23

Маржона Эргашева Қизилтепа туманидаги Тошмачит маҳалласида истиқомат қилади. Ҳозирда Навоий давлат университетининг Санъатшунослик факультетининг 4-курсида таҳсил олмоқда. У республика ишчи гуруҳи томонидан Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Навоий шаҳри, Кармана ҳамда Қизилтепа туманларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари учун ўтказилган сайёр қабулда иштирок эди.

– Мен ҳозирда университетни битирмоқдаман. Олийгоҳда дизайн ва босма газламалар йўналишида таҳсил олдим, – дейди М.Эргашева. – Ўзим тикувчиликка қизиқаман. Келгусида ўз бизнесимни йўлга қўйишни ният қилганман. 4 та тикиш машинкаси олиб, тикувчилик цехи очмоқчи эдим. Бугунги сайёр қабулда иштирок этиб, ўз мақсадимни тушунтириб бердим. Менга имтиёзли шартлар асосида кредит ажратиладиган бўлди. Ушбу кредит маблағига тикув машинкаси сотиб оламан ва 3 нафар тенгдошларимни иш билан таъминлайман. Фаолиятимни йўлга қўйиб олишим учун менга лидер тадбиркор ҳам бириктирилди. У киши менга маҳсулот етказиб беради ва тайёр маҳсулотларимни сотишга кўмаклашадиган бўлди.

Сайёр қабул жараёнида бир гуруҳ фуқароларга тикув машинкаси ва меҳнат қуроллари топширилган бўлса, ишга жойлаштириш масаласида мурожаат қилган бир гуруҳ фуқаролар доимий иш билан таъминланди.

– Саккиз ойдан буён ишсиз эдим, – дейди карманалик Умида Насриддинова. – Иш сўраб бормаган ташкилотим қолмаганди. Навоий шаҳрида ўтказилаётган сайёр қабулни эшитиб келдим. Масъулларга ишга жойлаштириш масаласида мурожаат қилгандим. Мурожаатим ижобий ҳал этилди. Мени “Навоий сув таъминоти” АЖнинг Кармана бўлимига ишга олишди.

Навоий вилоятида вазирлик ва ташкилот раҳбарлари томонидан ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир бўлган чегара ва чекка (олис) ҳудудларда мулоқотни ташкил этиш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини қисқартириш, маҳаллаларни ободонлаштириш ва инфраструктурасини яхшилаш мақсадида Навбаҳор, Нурота, Хатирчи ва Конимех туманлари ҳамда Ғозғон шаҳрида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари учун Навбаҳор туманидаги 2-сонли политехникум биносида сайёр қабул ўтказилди. 

Унда Олий суд ва Навоий вилояти судлари раис ҳамда судьялари ҳам иштирок этди. 33 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. 

Фуқароларнинг 8 нафари жиноят, 19 нафари фуқаролик ишлари, 2 нафари иқтисодий ишлар, 4 нафари эса маъмурий масалалар бўйича мурожаат қилди. Мурожаатларнинг 29 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 4 та ариза ва тафтиш тартибида шикоят Олий суд томонидан ўрганиш учун қабул қилинди.

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 12 та ҳамда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 21 та суд ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Шунингдек, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманлари аҳолиси учун Зарафшон шаҳридаги 7-сонли мусиқа мактабида сайёр қабул ташкил этилди. Унда ҳам масъуллар томонидан фуқароларнинг турли масалалардаги мурожаати тингланди. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири