Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёр қабуллар муаммолар ечимини осонлаштиради
15:31 / 2021-04-06

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев ва вазир ўринбосари Р.Қаршиев Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида ўтказган сайёр қабулда 35 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тингланди.

Жумладан, тумандаги “Ибн Сино” МФЙ Ўзбекистон кўчаси, 2-уйда яшовчи фуқаро Х.Тиловов “Тилла бобо” фермер хўжалигининг 60 гектар майдонида мелиоратив ҳолат ёмонлашганлиги сабабли, пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан кўзланган ҳосилни етиштириш имкони бўлмаётганини айтиб, ҳудуддаги коллектор-дренаж тармоқларини тозалашда амалий ёрдам сўради.

Ушбу ҳудуддаги “Нишон нури” фермер хўжалиги раҳбари Х.Хўжанов ҳам шундай масалани кўтарди. Хўжаликнинг 28 гектар экин майдонида мелиоратив ҳолат ёмонлашган.

Мазкур мурожаатлар юзасидан вазир Ш.Ҳамроев Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедициянинг Нишон тумани участкаси бошлиғи З.Пўлатовга бир кун муддатда ишчи гуруҳ тузиб, муаммони жойида ўрганиш ва маълумот киритиш бўйича топшириқ берди. Мурожаатчиларга соҳа мутахассисларининг тегишли хулосаларидан келиб чиқиб, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилишини маълум қилди.

Туманнинг “Каптарли” МФЙ Олтинсой кўчаси, 7-уйда яшовчи фуқаро М.Хўжамбердиев ҳам ҳудуддаги лоток тармоқларининг аксарият қисми яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги учун уларнинг таъмирланишида ёрдам сўради.

Ушбу масала юзасидан вазир ўринбосари Р.Қаршиев ҳудуддаги ирригация тармоқлари, жумладан, лоток тармоқларини кластер ва фермер хўжаликларига хусусий шериклик асосида бериш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланганлиги, шу билан бирга, ҳозирги кунда қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда замонавий суғориш технологияларидан кенг фойдаланишга эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. Мурожаатчига соҳа олимларининг илмий тадқиқотлари натижасида мавжуд лотокларнинг умрини узайтириш усуллари ишлаб чиқилганлиги, тез орада Нишон туманида ҳам бу борада амалий чора-тадбирларга киришилиши маълум қилинди.

– Мурожаатчиларга сайёр қабул давомида келиб тушган барча аризалар юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди,– дейди Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири ўринбосари Р.Қаршиев. – Ҳар бир муаммо масъул ходимлар томонидан албатта ўрганиб чиқилади.Энг ачинарлиси, соҳада узоқ йиллардан бери ўз ечимини кутаётган муаммолар бор. Бу каби сайёр қабуллар фуқароларнинг муаммоларини ечишга кўмаклашади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА