Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида Жиззах вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди биргаликда Жиззах шаҳри ва Фориш туманида оммавий сайёр қабул ўтказди. Унда иштирокчилар томонидан 40 дан зиёд мурожаат кўриб чиқилди.
Дастлаб Жиззах шаҳар 2-сонли ИИБ биносида ўтказилган сайёр қабулда фуқаролар томонидан кўтарилган 30 та мурожаатнинг 21 таси жойида ижобий ҳал этилган бўлса, 9 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Қабул давомида Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан сайёр суд мажлислари ўтказилиб, унда Жиззах шаҳридаги 29-сонли манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган 6 нафар маҳкумнинг жазоси енгилига алмаштирилган бўлса, Жиззах шаҳар пробация гуруҳи назоратида турган 15 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди ва энди улар Янги йилни уйларида, оила даврасида кутиб оладиган бўлди.
Куннинг иккинчи ярмида мазкур судлар томонидан Фориш туман “Маҳалла маркази” биносида ўтказилган сайёр қабулда иштирокчилар томонидан жами 11 та мурожаат ўрганилди. Мурожаатлардан 4 таси жойида ижобий ечимини топди, 1 нафар мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш берилди, ўрганиш вақт талаб қилганлиги сабабли 6 та ариза кўриб чиқиш учун назоратга олинди.
Сайёр қабул давомида Жиноят ишлари бўйича Фориш туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, унда Фориш туман пробация гуруҳи назоратида турган 3 нафар маҳкум жазони ўташ муддатидан аввал шартли озод қилинди. 1 нафар фуқаронинг судланганлик ҳолати ҳақида маълумот сўраб ёзган аризаси туман суди томонидан ўрганилди, унга судланганлик ҳолати бўйича шу жойнинг ўзида маълумот тақдим қилинди. Шунингдек, ушбу сайёр судда 3 нафар шахсга оид 2 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиши белгиланди.
Шунингдек, ўтказилган сайёр қабулларда суд раислари томонидан сайёр қабулларга келган фуқароларга янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари, одам савдоси жинояти, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам атрофлича тушунтириш берилди.
Фориш туманида ўтган сайёр қабулдан сўнг суд раислари узоқ йиллар суд тизимида меҳнат қилган, соҳага меҳнат фаолиятини бағишлаган, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони ҳамда “Шуҳрат” медали соҳибаси Умсун Астанованинг хонадонида бўлиб, унинг ҳолидан хабар олди. Суд фахрийси бўлган онахонни Янги йил билан самимий қутлаб, Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан нашр қилинган “Матонатли аёл қиссаси” китоби ҳамда совғалар топширилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари