Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғида бўлиб, туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар учун сайёр қабул ўтказди.
Вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ходимлари, туман ҳокимлиги, туман солиқ, кадастр, тижорат банклари ва бошқа алоқадор корхона, ташкилотлар мутасаддилари иштирок этган очиқ мулоқотда ҳудудда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш ва “Туризм қишлоғи” мақомини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Тоғлар бағридаги сўлим маскан мўъжизавий фусункор шаршараси билан дунёга танилган. Ер сатҳидан 120 метр баландликдан қояларга урилиб, оқадиган шаршара камалакдек товланиши билан инсонга хуш кайфият улашади. Муздеккина зилол сув томчилари баҳри-дилни очиб, қалбларга қувонч бағишлайди. Нафис сунбулани силаб оқаётган шаршаранинг майин товуши юракка қувват бериб, асабларни тинчлантиради. Айниқса, ёз жазирамасида узоқ-яқиндан одамлар табиатнинг бетакрор, мафтункор ана шу мўъжизасига талпинади. Бу ернинг мусаффо, салқин ҳавосидан нафас олиб, гўзал табиат қўйнида мароқли дам олишга ошиқади.

Мамлакатимизда кейинги йилларда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор осмонўпар тоғларга туташ Сангардакда ҳам сайёҳларга хизматлар кўрсатишни йўлга қўйишга қулай муҳит яратди. Оилавий меҳмон уйлари, замонавий дам олиш зоналари, савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари ташкил этилмоқда.
Бу жараёнда туризм соҳасига хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар қандай муаммоларга дуч келмоқда? Юзма-юз мулоқотда тадбиркорлар шу йўналишда дуч келаётган қатор муаммоларни ўртага ташлади. Жумладан, тадбиркорлар сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатишни кенгайтириш учун тижорат банкидан имтиёзли кредит олиш, экотуристик йўналишлар ташкил этишга ер майдони ажратиш, меҳмон уйи очишга амалий ёрдам бериш, нотурар жойларга солиқ имтиёзлари қўллаш каби масалаларда мурожаат этди.

– Қишлоғимизга келувчи меҳмонлар сафи йил сайин кўпаймоқда, – дейди “Сардорбек” оилавий меҳмон уйи раҳбари Г.Қораев. – Хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар учун уйимизнинг бир қисмини меҳмонхонага айлантирганмиз. Улар учун янада қулай шароит яратиш мақсадида ўттиз миллион сўмдан кўпроқ кредит маблағига эҳтиёж сезяпмиз. Қабулда шу масалани ўртага ташлаган эдим, жойида ечимини топди. Ҳокимнинг маҳалламиздаги ёрдамчиси кўмагида 33 миллион сўм кредит маблағи ажратиладиган бўлди. Ж.Шомуродов меҳмон уйи очишда ёрдам сўради. Унинг бу мурожаати ҳам ўз ечимини топди. Тадбиркор Н.Бекмирзаев ҳудудни озода, санитария-гигиена талабларига мос сақлаш учун қишлоққа махсус чиқинди ташиш техникаси ажратиш масаласини ўртага ташлади. Бу мурожаат ҳам жойида муҳокама этилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Сайёр қабулда ўндан ортиқ мурожаат ва таклифлар тингланиб, уларнинг аксариятига жойида ечим топилди. Вақт талаб этиладиган мурожаатлар учун аниқ муддат белгиланиб, ижроси назоратга олинди. Шу куни вилоят ҳокими ўринбосари ҳудудда фаолият юритаётган оилавий меҳмон уйларида сайёҳларга яратилган шароитлар билан танишди. Хизматлар кўрсатиш шохобчаларини кўздан кечириб, соҳани янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири