Президентимиз раислигида жорий йил 23 июль куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида вазирлик ва идоралар энг кўп келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиб, уларга аниқ ечимлар топиши шартлиги алоҳида таъкидланган эди.
Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармалари томонидан мурожаатларни қайта кўриб чиқиш орқали уларнинг ижобий ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилган. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди. Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда.
Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Ш.Қўқанбоев ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Н.Сидиков Арнасой туманида фуқаролар билан навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.
Сайёр қабулда аҳолининг мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилди. Арнасой тумани аҳолисидан ташқари, қўшни Дўстлик тумани ҳудудлардан ҳам фуқаролар ўз муаммоларига жавоб топиш учун сайёр қабулга келди.
Бугунги кунда халқ билан учрашиб, жойларга чиқиб уларнинг дардига қулоқ тутиш, шу орқали аҳолининг розилигига эришиш ҳар бир раҳбарнинг бош вазифасига айланди. Бу галги сайёр қабулда 35 нафар фуқаронинг ҳал этилиши керак бўлган муаммолари тингланди. Ушбу мурожаатлардан 15 таси жойида ҳал этилди. Қолганлари эса ўрганиш жараёнида.
– Бугунги сайёр қабул жуда яхши ташкил этилибди, – дейди арнасойлик Фотима Азизова. - Одамлар ўз муаммосига ижобий ечим топиш истагида. Мурожаатимни соҳа вакиллари ўрганиб чиқиб, ҳал этишди. Ҳаммаларидан миннатдорман.

Аҳолининг мурожаатларини тинглаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш – бугуннинг энг долзарб муаммоларидан. Зеро, одамларни рози қилиш бугун давлатимиз сиёсатининг бош мақсади ҳисобланади.
Барно Фозилова Пахтакор тумани Олтинкўл маҳалласи Лойиҳа кўчасидаги 120-уйда истиқомат қилади. II-гуруҳ ногирони. У ўзи яшаб келаётган уй-жой учун кадастр ҳужжатларини расмийлаштира олмай (оилавий шароит сабаб) муаммога дуч келган.
Пахтакор туманида бўлиб ўтган навбатдаги сайёр қабулда муаммо батафсил ўрганилиб, шу жойнинг ўзида мурожаатга ечим топилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА