Аҳолининг муаммоларини бартараф этиш ва таклифларини ўрганишда жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров иштирокида бўлиб ўтган сайёр қабулда мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Айрим масалалар назоратга олиниб, тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Навоий вилоятидаги Халқ қабулхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган сайёр қабулда Навоий шаҳри ва Кармана туманида истиқомат қилувчи фуқаролар иштирок этди. Фуқаролар асосан моддий ёрдам, контракт тўлови, қабристонни ободонлаштириш ва унга олиб борадиган йўлни шағаллаштириш, уй-жойни таъмирлаш, йўлни кенгайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида деҳқон бозоридан раста ажратиш, ишга жойлаштириш ва бошқа бир қатор масалаларда мурожаат қилди.
[gallery-4959]
– Икки нафар фарзандим касб-ҳунар коллежини тугатган, аммо ҳозиргача ишсиз, – дейди карманалик Зебунисо Мустафоева. – Уларнинг бири 25 ёш, иккинчиси 21 ёшда. Мавсумий юмушларни бажаришади. Қиш фаслида ишлар камайиб, молиявий томондан қийналиб қоламиз. Шу боисдан бугунги қабулда икки фарзандимни доимий иш билан таъминлашга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мутасадди ташкилотлар кўмагида ёрдам берилишини айтиб, мурожаатим назоратга олинди.
Учрашувда Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар бугунги кунда ўтказилаётган бу каби сайёр қабуллар ўз самарасини бериб, фуқароларнинг оғирини енгил қилишда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлашди.
– Биз, Навоий шаҳридаги “Ёшлик” маҳалласида истиқомат қиламиз, – дейди бир гуруҳ нуронийлар номидан Сафар бобо Ҳақбердиев. – Қабристонимиз ўтган асрнинг 30 йилларида қурилиб, анча хароб аҳволга келиб қолганди. Мутасаддиларга уни ободонлаштириш масаласида мурожаат қилган эдик, йўқ демай ёрдам қилишди.
Аҳолимиз ҳам қараб туришмади. Улар ҳам қўлларидан келгунича ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этди. Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Фурсатдан фойдаланиб барча масъул раҳбарларга, хусусан Юртбошимизга ўз миннатдорлигимизни билдирмоқчимиз.
Сайёр қабулда Навоий шаҳридаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Дилором Розиқова иштирок этиб, обдонлаштириш бошқармасида 0,5 штат бирлигида ишлашини, қизи контракт асосида таълим олишини билдириб, ишини тўлиқ штат бирлигига ўтказилишида ва қизининг контракт тўловини тўлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Учрашувда Навоий шаҳар ва Кармана тумани Халқ қабулхонаси раҳбарлари мурожаатларни алоҳида-алоҳида қайд этиб, уларни тегишлилиги бўйича масъул ташкилотларга йўналтириб, ижобий ҳал қилинишини билдиришди.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА.