Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази директори ўринбосари Азамат Бекқулов ҳамда қўмитанинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Улуғбек Жўраев иштирокида Андижон вилояти Хўжаобод туманида сайёр қабул ўтказилди.
Қачонки, очиқ, шаффоф рақобат муҳити бўлсагина, тадбиркорлар эмин-эркин ва самарали фаолият юрита олади. Ташкил этилган сайёр қабулда тадбиркорлар ўртасида шаффоф рақобат муҳитини шакллантириш, аҳоли, хусусан, тадбиркорлар ва истеъмолчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг мурожаатларини эшитиш, мавжуд муаммоларини бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Туманда иш олиб бораётган хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммолар, рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш, фуқароларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан ўтказилган сайёр қабул давомида 20 дан зиёд мурожаат эшитилиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Жумладан, туманда фаолият олиб бораётган "Хонбоғ минерал ўғитлари" масъулияти чекланган жамияти вакили ташкилотнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун кредит олиш бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Мурожаатчи тақдим этган ҳужжатлар жойида ўрганиб чиқилиб, туман ҳокимлиги ҳамда банкнинг туман филиали мутасаддиларига кредит ажратилиши лозимлиги юзасидан тавсия берилди. Тез кунларда жамиятга кредит ажратиб бериладиган бўлди.
Шунингдек, яна бир тадбиркор Ўзбекистон ва қўшни Қирғизистон Республикаларини боғлаб турувчи А-373 магистраль автомобиль йўлининг туман ҳудудидан ўтган қисмида замонавий хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этиш учун ер олишига кўмак берилишини сўраб мурожаат қилди.
Мурожаатчига туман ҳокимлиги томонидан тегишли тартибда аукцион савдосига жойлаштирилган ерлар фақат аукцион савдоси орқали олиниши мумкинлиги тушунтирилди.
Якка тартибдаги тадбиркор Отабек Асқаров эса чорва моллари сотиб олиш ва фермер хўжалиги ташкил этиш учун банкдан 100 миллион сўм кредит олишга ёрдам берилишини сўраган. Ушбу мурожаат ҳам шу ернинг ўзида ижобий ечимини топди.
Сайёр қабул давомида тадбиркор ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, эркин рақобат муҳитини яратиш, аҳолининг истеъмолчи сифатидаги билим ва маданиятини юксалтириш бўйича ҳам суҳбатлар ўтказилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари