English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёр қабулда маҳкумлар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди
15:24 / 2022-02-19

Мирзо Улуғбек туманидаги «Султония» МФЙ, 209-ўрта таълим мактабида сайёр қабул ўтказилди. Унда Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раис ўринбосари Омон Саттаров, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди раиси Шухрат Бакаев, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьялари Жонибек Бобоев ва Баходир Хайдаров фуқароларнинг суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатларини қабул қилишди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг матбуот хизмати хабар қилди...

Туманда истиқомат қилувчилар учун ташкил қилинган сайёр қабулда 300 га яқин фуқаролар иштирок этди. Сайёр қабул давомида Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси ўринбосари Омон Саттаров томонидан жами 16 нафар фуқаролар қабул қилинди.

«Фуқароларнинг никоҳдан ажрашиш, алимент ундириш, турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, меросхўр деб топиш ва мерос улушини белгилаш, умумий мулкдан улушларни ажратиш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиш, ер майдонини аввалги ҳолатига келтириш каби масалалари юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат этиш тартиби ва тўланиши лозим бўлган давлат божлари ҳақида маълумотлар берилди», дейди Омон Саттаров.

Мутасаддилар ўз йўналишидан келиб чиқиб, навбати билан ҳар бир фуқаронинг мурожаатини ўрганиб, имкон даражасида ёрдам берди. Аксарият мурожаатлар ўша ернинг ўзида ҳал қилинди.

- Қабул жараёнида тумандаги ИИО ФМБ Пробация гуруҳи рўйхатда турган маҳкумларга нисбатан келтирилган тақдимномаларига асосан маҳкумлар Ў.В., Т.А. ва А.Б. га нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, - дейди жиноят ишлари бўйича М. Улуғбек туман суди раиси Шухрат Бакаев.

Шунингдек, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьялари Жонибек Бобоев ва Баходир Хайдаров томонидан фуқароларга кенг кўламли ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилиш баробарида уларнинг дарду ташвиши, ҳаётий муаммолари ўрганилди ва судга оид масалалари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Сайёр қабулда туманнинг турли маҳаллаларидан келган ўнга яқин фуқаронинг маъмурий судларга оид мурожаати тингланиб, судга мурожаат қилиш тартиби ва шакли юзасидан тушунтиришлар берилди.

Таъкидлаш жоиз, аксарият мурожаатлар фуқаролик ишлари бўйича судларга тааллуқли бўлсада, мазкур низолар юзасидан ҳуқуқий ёрдам ва таклифлар берилди. Шу билан бирга, йиғилишда иштирок этганлар билан очиқ мулоқот уюштирилиб, айрим мурожаатлар назоратга олинди.

ЎзА