Пойтахтимизда Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси томонидан Президентимизнинг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар доирасида сайёр қабул бўлиб ўтди.
Маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий профилактикани кучайтириш, жиноятчиликка олиб келувчи сабаб ва шарт-шароитларни барвақт аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда 30 нафарга яқин маҳалла аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказилиб, фуқаролар томонидан қатор ижтимоий-ҳуқуқий масалалар кўтарилди.

Жумладан, маҳалла ҳудудида 50 тадан ортиқ видеокузатув (назорат) камералари ўрнатилган бўлишига қарамасдан, уларнинг амалда ишламаётгани, маҳалла ҳудудидаги умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилмаётгани, ҳудудда қуриган дарахтларни ўз вақтида кесиш ва санитар тозалаш ишлари амалга оширилмаётгани масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, бир қатор ички йўллар узоқ масофада асфальт қилинмагани, маҳалла ҳудудида жойлашган мактаб ҳовлиси ҳамда футбол стадионининг сотилгани юзасидан аниқлик киритиш зарурлиги ҳамда чиқинди йиғиш шохобчаси (контейнер майдончаси) ташкил этилмагани масалалари кўриб чиқилди.
Ушбу масалалар бўйича тизимли ишлар амалига оширилиши режалаштирилди.
Шунингдек, сайёр қабул доирасида аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида киберфирибгарлик, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ҳамда бошқа жиноят турларидан эҳтиёт бўлиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди ва амалий тавсиялар берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА