Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёр қабул ўтказилди
15:32 / 2026-01-22

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, бўш иш ўринлари билан таништириш ҳамда ишга жойлашишда амалий ёрдам бериш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ва Нукус ҳарбий прокуратураси томонидан сайёр қабул ташкил этилди.

Қабул давомида иштирокчиларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ва иқтисодий йўналишдаги мурожаатлари тингланди. Жумладан, хизмат давомида ёки ундан кейинги даврда юзага келаётган уй-жой масаласи, бандлик, кредит ва моддий ёрдам, соғлиқни сақлаш, фарзандлар таълими билан боғлиқ муаммолар юзасидан мурожаатлар батафсил кўриб чиқилди. Шунингдек ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ёки хизмат фаолиятини олиб бораётган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари учун ҳудуддаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берилди.

Тадбир давомида Нукус ҳарбий прокурори томонидан ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш, мурожаатлар билан ишлашда адолат ва шаффофликни таъминлаш борасида мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги вакиллари бундай сайёр қабуллар ҳарбий хизматчилар билан бевосита мулоқотни кучайтириш, уларнинг муаммоларига жойида ечим топиш ҳамда ижтимоий ҳимояни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

[gallery-27295]

Якунда мурожаатларнинг бир қисми жойида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган масалалар эса назоратга олиниб, ижроси юзасидан масъул идораларга йўналтирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири