Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 21-сон жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган хотин-қизлар учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан маънавий-маърифий тадбир ҳамда сайёр қабул ўтказилди.
Унда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Султонова хотин-қизларнинг жазо муддати тугаганидан кейин фойдаланишлари мумкин бўлган имкониятлари, хусусан, касбий билим олиш ва тадбиркорлик йўналишларида кўмак бериш бўйича маълумот берди.

Тадбир маданият ходимларининг мусиқий чиқишлари билан давом этди. Муассасада сақланаётган аёллар ва уларнинг фарзандларига эсдалик совғалари берилди. Бошқарма томонидан ташкил қилинган қисқа муддатли тадбиркорлик курсларида қатнашган хотин-қизларга сертификатлар топширилди.

Шунингдек, пойтахтлик хотин-қизлар билан сайёр қабул ўтказилиб, уларнинг муаммолари тингланди ҳамда амалий ёрдам чоралари белгиланди.
Тадбирдан сўнг, муассасада янги таъмирдан чиқарилаётган учрашув хоналари, ошхона ва болалар майдончаси билан танишилди.


Тадбир якунида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун кенг шароитлар яратиш бўйича изчил ишлар давом эттирилиши таъкидланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА