Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Тоғаев Узун туманидаги "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази биносида очиқ мулоқот ўтказди.
Сайёр қабулда жисмоний ва юридик шахсларни қийнаётган муаммолар тингланиб, улар ўртага ташлаган масалаларга ечим изланди. Қабул чоғида мурувват интернат уйлари (кексалар ва ёлғиз кексалар учун интернат уйлари болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйлар)га жойлаштириш, ижтимоий таъминот ходимлари фаолияти, ўзгалар парваришига муҳтож болаларни парваришлаш нафақаси, I-гуруҳ ва 16 ёшгача ногиронлиги бор шахслар парваришига муҳтожларга қараб турганлиги юзасидан хулоса олиш, реабилитация техник воситалари билан таъминлаш, тиббий-меҳнат экспертизаси ва ногиронликни белгилаш каби муаммолар юзасидан мурожаатлар тингланди.


Тумандаги Хатип Қаҳрамон маҳалласида яшайдиган Ойдиной Ғаниева мустақил юра олмаётганига бир неча йил бўлиб қолди. Онахоннинг келинлари сайёр қабулга келиб аравача олиб бериш учун имкониятлари етмаётганини маълум қилди. Шу куни бошқарма бошлиғи Муҳиддин Тоғаев Ойдиной Ғаниеванинг уйига бориб, ҳол-аҳвол сўради. Янги аравачани топширди. Янги куч маҳалласида яшовчи ногиронлиги бор Лолахон Отахонованинг аравача сўраб қилган мурожаати ҳам жойида ҳал этилди. Сайёр қабулда турмуш ўртоғининг қўлтиқтаёққа муҳтож бўлиб қолганини айтган аёл мурожаати жойида ўрганилиб, ногиронлиги бор Саидаҳмад Турсунов учун қўлтиқ таёқ топширилди.


Бугун мамлакатимизда “халқ давлат идораларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойил асосида барча турдаги мурожаатлар эътибор билан тингланиб, ўртага ташланаётган муаммолар ҳал этилмоқда. Фуқароларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун маблағ масаласида ҳам маҳаллий ҳокимликларда имконият бор. Моддий ёрдам кўрсатиш ёки ногиронлиги бор шахсларни аравача, қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламалари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминлашда фақат ҳомийларга суяниб қолинмаяпти. Маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан кенгаш депутатлари фикри инобатга олиниб, ҳудуд ва аҳоли манфаати учун фойдаланиш йўлга қўйилган. Бунда аҳоли саломатлиги, ижтимоий ҳимояси учун ажратилаётган маблағ миқдори йил сайин ортиб бормоқда. Шу боис эндиликда маҳаллий ҳокимлар ва бошқа мутасадди раҳбарлар, депутатлар халқнинг олдига чиқиб, дардини эшитишдан чўчимайди, қочмайди.
Вилоятнинг энг олис ва чекка туманида ташкил этилган сайёр қабулда 50 га яқин фуқаро мурожаат этди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал қилинди. Ечими вақт талаб этадиган мурожаатлар юзасидан муддат белгиланиб, ижроси қатьий назоратга олинди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири