French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёр қабул: муаммоларнинг аксарият жойида ҳал этилди
16:58 / 2022-08-04

Бухорода вилоят адлия бошқармаси мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда сайёр қабул ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказмоқда.

Мазкур сайёр қабулларда туман (шаҳар) адлия бўлимлари, юридик хизмат кўрсатиш ва давлат хизматлари марказлари, нотариус, ички ишлар, аҳоли бандликка кўмаклашиш марказлари ва бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходимлари қатнашмоқда.  

Бухоро шаҳар “Шербудин” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр қабул ва ҳуқуқий тарғибот тадбири ҳудуд аҳолисининг муаммо ва мурожаатларини ҳал қилиш учун қулай имконият бўлди. Масалан, фуқаро Латофат Эргашова маҳаллада болалар майдончаси қуриб бериш ва кўчани ёритиш учун электр токи билан таъминлашда амалий ёрдам сўради. Адлия бўлими ходимлари ўша ернинг ўзида мутасадди ташкилот ходимларини қабулга жалб қилиб, фуқаро мурожаатини ўрганиш бўйича кўрсатма берилди.  

– Уй-жойга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни йўқотиб қўйганимни айтиб, мазкур ҳужжатларни қайта тиклаш борасида мурожаат қилдим,  – дейди “Шербудин” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Мавлуда Акрамова. – Бухоро шаҳар давлат хизматлари маркази ходимлари ўша жойнинг ўзида мендан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишга ариза олди. Тез кунда муаммо ўз ечимини топади.  

Мурожаатларнинг аксар қисми уй-жойга эгалик қилиш билан боғлиқ ҳолатлар, ишга қабул қилиш ва тиклаш, устама тўловларини ундириб бериш, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, туғилиш, никоҳ билан боғлиқ бўлди. Бундан ташқари, фуқароларга тадбиркорлик қилиш мақсадида ер ажратиш, электр таъминоти, йўлни таъмирлаш, моддий ёрдам, пенсия, меҳнат ва бандлик масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди.  

Зариф Комилов, ЎзА