French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сайёр қабул: ҳар бир мурожаат эътиборда
12:27 / 2022-02-20

Аҳоли мурожаатларига қулоқ тутиш, уларни қийнаб келаётган муаммо ва масалаларни ижобий ҳал этиш раҳбарларнинг олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Давронбек Равшанбеков томонидан ҳар ойда бир соҳага оид мурожаатларни ҳал этиш юзасидан сайёр қабул ташкил этилади. Очиқ ва самимий мулоқотларнинг навбатдагиси Уйчи туманида ҳоким бошчилигидаги биринчи сектор ҳудудида ташкил этилди. 

Қабулга йиғилган фуқароларга давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори мазмун-моҳияти, хусусан, унда аҳолининг даромад топишига қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аграр соҳада ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш ва мазкур йўналишни диверсификациялаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан маълумотлар берилди.

Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган, ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га рўйхатга олинган кам таъминланган оилаларга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Шундан сўнг, давлат хизматлари соҳасига доир мурожаатларни қабул қилишга киришилди. Кадастр, субсидия олиш, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларга доир муаммолар ўрганилиб, тегишлилиги бўйича бартараф этилди. 

Соҳиба Мирзааҳмедованинг фарзанди Яҳёбекнинг болалигидан ногиронлиги бор. Фуқаро томонидан сайёр қабулда ногиронлиги бор боласига “Электрон рақамли имзо калитини” бепул олиш юзасидан мурожаат қилди. Шу жойнинг ўзида туман давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан тизим орқали текширилганда Яҳёбек “Ёшлар дафтари” га киритилгани маълум бўлди. Шундан сўнг, унга ЭРИ калитлари олиб берилди.

Сайёр қабул давомида тўрт нафар фуқаронинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси тантанали топширилди. Жумладан, Шаҳноза Қодированинг 12 ёшли қизи Зарнигор ва 7 ёшли ўғли Имронбекни айрим сабабларга кўра, туғилганлик гувоҳномаси йўқолган эди.

Бу масалада уларнинг онаси туман ФҲДЁ бўлимига учради. Уларнинг оилавий муаммоси ўрганилиб, тўлов қобилияти йўқлиги сабаб икки фарзандига туғилганликни қайд этиш гувоҳномаси Давлат хизматлари агентлигининг ҳомийлиги асосида ёзиб берилди.

Шунингдек, туман давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига сайёр хизмат кўрсатилди. Шу куни 150 кишига “Электрон рақамли имзо калитлари” олиб берилган бўлса, яна 30 нафар фуқарога фарзандини мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш, кадастр паспортини шакллантириш ва коммунал соҳага доир хизматлар кўрсатилди.

Оқилхон Дадабоев, 
ЎзА